Бразилияда Иккинчи жаҳон уруши фахрийси бўлган 99 ёшли Эрнандо Армелиндо коронвирусдан тузалишга муваффақ бўлди. У мамлакатда коронавирус аниқланган энг кекса киши бўлди. Бу ҳақда G1 телеканали мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, у дастлаб уйида даволанган, бироқ 6 апрель куни йўтали зўрайиб кетгани туфайли коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Орадан 8 кун ўтиб, 14 апрелда у бутунлай соғайган, касалхонадан жавоб берилган.

Шифокорлар бемор кекса ёшда бўлгани учун касаллик унда оғир кечишидан хавотирланиб, интенсив терепия бўлимига жойлаштирган. Бироқ Эрнандо Армелиндо ўзи мустақил нафас олган ва сунъий нафас олдириш аппарати  — ИВЛга улаб қўйишнинг ҳам кераги бўлмаган.

Яқин кунларда у коронавирусга қайта тест топшириши лозим. Аммо шифокорларнинг у бутунлай тузалгани, тест натижалари салбий чиқишига ишончи комил.

Аввалроқ 104 ёшли италиялик аёл коронавирусдан тузалгани, 107 ёшли нидерландиялик аёл коронавирусдан тузалган энг кекса бемор бўлгани хабар берилган эди.

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, айни пайтда Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 26 684 кишини ташкил қилмоқда, касалликдан 1 552 киши вафот этган.