«Челси» собиқ ярим ҳимоячиси Стив Сидуэлл 2007 йил Жозе Моуриньонинг жамоадан кетиши футболчиларга кучли таъсир қилгани ҳақида эслаб ўтди.
Ўша вақтда португалиялик мутахассиснинг клубни тарк этишига «Челси» эгаси Роман Абрамович билан ёмон муносабати сабаб бўлгани айтилганди.
«Мен ҳеч қачон жамоада кескинликни сезмаганман ва қандайдир муаммо бўлган деб ҳам ўйламайман. ОАВда нималардир ёзилди ва охир-оқибат кўпик ёрилди. Бироқ жамоа ички муҳитида ҳеч қандай ўзгариш сезилмасди. Барча футболчилар бирдам эди, Жозедан ҳеч ким юз ўгирмаган, мураббий кийиниш хонасини йўқотмаганди.
У жамоани тарк этган куни янгиликни радиодан эшитдим. Ўйлаб қолдим: «Жин урсин, энди нима бўлади?». Кейин барчамизни Кобҳемга таклиф қилишди. Жозе хайрлашишга келганда ғалати бўлиб кетдим. Хона жимжитлигидан пашша учгани сезиларди. Худди мотам маросимига ўхшарди.
Кейин эса Дидье Дрогба, Фрэнк Лэмпард ва Жон Терри каби кучли персонажлар полда йиғлаб ўтиргани ёки кўз ёшини аранг тийиб турганини кўрасиз... Мен ҳам тўлқинланиб кетдим. Бу ҳақиқатда жуда ғалати бўлганди», — дея эслайди Сидуэлл.
2004 йилда «Челси» бошқарувига келган Моуриньо 2007 йилнинг сентябрида жамоани тарк этади. Мутахассис кейинчалик 2013—2015 йиллар мобайнида ҳам лондонликлар клубини бошқаради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)