Норвегия ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши жорий этилган бир қатор чекловлар бекор қилинишини билдирди, деб хабар беради The Local.

Фото: AFP

20 апрелдан бошлаб боғчалар, 27 апрелда эса бошланғич мактаблар очилади. Шунингдек, 27 апрелдан сартарошлик каби хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятлари қисман қайта иш бошлаши мумкин.

Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати маданий ва спорт тадбирларини ўтказишга қўйилган тақиқларни 15 июлга қадар узайтирди.

5,3 миллион аҳолига эга Норвегияда 5,9 минг кишида COVID-19 инфекцияси аниқланган, 88 киши вафот этган. Ўтган бир ҳафта ичида ҳар куни 150-200 кишида коронавирус тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, пандемия ўчоғи бўлган Хитой ўз ҳудудида коронавирус тарқалишини тўхтатган, мамлакатда автомобиль саноати яна оёққа туриб, ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйган, Ухань шаҳрида метролар қатнамоқда. 6 апрель куни Хитойда январдан бери илк бор бир сутка давомида коронавирусдан ҳеч ким вафот этмади.