АҚШ вице-президенти Майкл Пенс брифинг чоғида мамлакатнинг баъзи йирик шаҳарларида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият яхшиланаётганини маълум қилди. Брифинг Оқ уйнинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинган.

Фото: Reuters

Унинг сўзларига кўра Нью-Йорк, Нью-Жерси, Янги Орлеан, Детройт ва Чикаго ҳамда Денверда коронавирусга чалиниш статистикаси ушбу ҳудудларда вазият яхшиланаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, вице-президент санитария чекловларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича чораларни кучайтиришга чақирди.

«Шунингдек, америкаликларга умид қилиш учун асос борлигини таъкидламоқчиман», — деган Пенс.

АҚШ касалланганлар сони бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда бўлиб турибди. Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 398 минг кишидан ошган. Мамлакат қурбонлар сони бўйича дунёда Италия (17 минг) ва Испаниядан (14 минг) кейин учинчи (12 минг) ўринда кетмоқда.

Аввалроқ АҚШда ўтган бир сутка ичида коронавирусдан 1736 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бу мамлакатда вирус тарқалганидан буён бир сутка ичида ўлим ҳолатлари бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.