Ижтимоий тармоқларда Lacetti, Captiva, Spark автомобилларининг Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманлари кўчаларида хавфли тарзда ва махсус товуш ва ёруғлик сигналларини ишлатган ҳолда ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. Ҳозирги карантин ва транспорт воситалари ҳаракати чеклови шароитида видеоролик тармоқ фойдаланувчиларининг норозиликларига сабаб бўлди.

Тошкент шаҳар ИИББ ушбу видеода акс этган воқеа қачон содир бўлгани ва барча ҳайдовчиларни аниқлади.

Аниқланишича, ушбу видеоролик 21 ёшли автоэлектрик Х.Ш. ва 23 ёшли видеомонтажчи М.М. томонидан жойланган. Суҳбат давомида аниқланишича, ролик 2020 йилнинг 23 февраль куни Кичик ҳалқа автомобиль йўлида, Генерал Узоқов ва Шифокорлар кўчасида юқоридаги электрикнинг хизматини реклама қилиш мақсадида олинган, автомобиллар эса унинг танишларига тегишли бўлган.

Дастлаб видеоролик Х.Ш. томонидан 1 март куни ижтимоий тармоқларга жойланган, 5 апрель куни эса нусхаланган.

Қайд этилишича, Lacetti 32 ёшли З.Н.га тегишли бўлиб, у машинани юқоридаги видеомонтажчи М.М.дан 19 март куни (видео суратга олингандан сўнг) харид қилган. Captiva 24 ёшли қашқадарёлик Т.Ш.га, Spark эса 24 ёшли А.У.га тегишлилиги аниқланган. Улар ёруғлик ва товуш мосламаларини ноқонуний тарзда ўрнатган, шунингдек, транспорт воситаларида гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, бу билан йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солган.

Қоидабузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127 моддаси (Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича баённомалар расмийлаштирилди. Ушбу моддада базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

Хабарда айтилишича, автомобиллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига мувофиқ жарима майдончасига жойланади. Ҳозирда текширув ишлари давом эттирилиб, қоидабузарларга нисбатан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан маъмурий қамоқ қўллаш масаласи ҳал қилинмоқда.