Бош прокуратура ходимлари ўз маошларининг яна бир қисмини коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига ўтказиб берди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Прокуратура ходимлари аввал ҳам ўз иш ҳақларининг бир қисмини беғараз ёрдам сифатида ушбу фондга ихтиёрий равишда ўтказиб берганди.

Айни пайтда COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар миқдори ортиб бормоқда.

Бош прокуратура ходимларидан ташқари Президент Администрацияси, Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ, Прокуратура ва МИБ ходимлариОлий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва Халқаро пресс-клуб ушбу фондга пул маблағлари ўтказган. Бундан ташқари, 2 161 нафар фуқаро томонидан ҳам фондга 3 миллиард сўм келиб тушган.

Россияда истиқомат қилувчи ва айни пайтда Тошкентдаги уйида ўз-ўзини ижтимоий изоляция қилаётган ўзбек миллиардери Алишер Усмонов ушбу фондга 20 миллион доллар маблағ ўтказиб берди.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ таниқли санъаткорлар ҳам коронавирус эпидемиясига қарши курашиш учун 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратди.

Эслатиб ўтамиз, якка тартибдаги хайрия акциялари давомида коронавируснинг тарқалиш хавфи жуда юқори ҳисоблангани учун Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, якка тартибдаги хайрия акциялари 2020 йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатилди.