Бош прокуратурада коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш бўйича идоралараро штаб, ҳудудларда эса идоралараро ишчи гуруҳлар тузилди. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан маълум қилинди.
Хабар берилишича, Бош прокуратура жорий йилнинг 4 апрелида коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш, тегишли хизматларга мазкур касалликка чалинган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни тезкор равишда аниқлаш ва уларнинг бошқа фуқаролар билан мулоқотини чеклаш бўйича кўмаклашиш чораларини белгилаган.
Қайд этилишича, мазкур гуруҳлар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан тегишли суриштирув ишларини ўтказади, уларнинг эпидемиологик маршрути, ким билан қачон, қаерда мулоқотга киришганини аниқлайди.
Бош прокуратура фуқаролардан ўзларининг кундаликларини юритишни сўрамоқда. Ҳар бир фуқаро қачон, ким билан, қаерда ва қай тарзда мулоқот қилганини ёзиб бориши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Қайд этилишича, бу маълумотлар аввало, касалликнинг олдини олиш, унинг тарқалишига чек қўйиш, пировардида минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Аксарият давлатлар тажрибаси инфекциянинг илк зарбаларини қабул қилиб олаётган тиббий хизматнинг унга чалинганлар билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш ҳамда тегишли тартибда карантинга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келаётганини, даволашга сарфаланадиган вақт ва имконият йўқотилаётганини кўрсатмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида бир одам 52 кишига коронавирус юқтиргани маълум қилинган эди. Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 390 нафарга етди. Шу вақтгача Ўзбекистонда касалликдан икки киши вафот этди, 30 нафар бемор бутунлай соғайган.
Изоҳ (0)