АҚШда коронавирус билан касалланганлар сони 311 544 кишига етди. Бу ҳақда Вирус тарқалишини реал вақт режимида кузатиб борувчи Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида келтирилган.

Фото: Reuters

Пандемия бошланганидан буён мамлакатда 8488 киши вафот этган бўлиб, уларнинг аксарияти Нью-Йорк ҳисобига тўғри келмоқда (1905).

Университет маълумотларига кўра, АҚШда 14 786 коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлган.

АҚШда касалликка чалинганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда кетмоқда. Унинг ортидан Испания (126 168), Италия (124 632) ва Германия (96 092) ўрин олган.

4 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп вирус тарқалишига қарши кураш учун ҳарбийлар сафарбар этилишини маълум қилди. Бунинг учун ҳукумат мамлакатнинг турли штатларига минглаб ҳарбий хизматчиларни йўналтиради. Хусусан, Нью-Йоркка минг нафар ҳарбий жўнатилади, улар орасида шифокор ва ҳамширалар ҳам бор.

Аввалроқ Дональд Трамп америкаликларга ниқоб тақишни тавсия қилиб, лекин ўзи бу тавсияга амал қилмаслигини айтган эди. Шу билан бирга, АҚШ президенти иккинчи бор коронавирусга тест топширган.

Эслатиб ўтамиз, Трамп 30 март куни бўлиб ўтган матбуот анжумани вақтида коронавирус оқибатида 200 минг америкаликнинг ўлишини «яхши» сценарий деб атаган эди