Коронавирус пандемияси сабаб Туркиянинг 30 та йирик шаҳрига 15 кун муддатга кириш ва чиқиш тақиқланди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Аввалроқ Туркияда бир сутка ичида коронавирус билан касалланганлар сони 18 135 кишидан 20 921 кишига ошиб кетгани ҳақида маълум қилинганди.
«Энг муҳими — изоляция, лекин биз бунга риоя қилмаслик ҳолатларига дуч келяпмиз. Шу сабабли ихтиёрий изоляциядан мажбурийга ўтишга тўғри келади. Туркиянинг йирик 30 шаҳрига, шунингдек, Зонгулдак вилоятига бугундан бошлаб 15 кунга кириш-чиқиш, 20 ёшдан кичик бўлганларга кўчага чиқиш тақиқланади, жамоат жойида юрадиган барча ниқобда бўлиши керак», — дейди Эрдўғон.
COVID-19 коронавирусини юқтириб олиш бўйича биринчи ҳолат Туркияда 10 март куни Европадан қайтган фуқарода аниқланган. Мамлакатдаги барча таълим муассасалари ёпилган. 3 апрель ҳолатига кўра мамлакатда инфекция билан касалланганлар сони 20 921, вафот этганлар 425, соғайиб кетганлар эса 484 нафарга етган.