Лимон инсон организмига ижобий таъсир қилади, овқат ҳазм бўлишини таъминлайди, ичакларни тозалайди. Cosmopolitan нашри аслида фойдаси ҳақида узоқ гапириш мумкин бўлган ушбу меванинг 7 хусусиятига тўхталади.
Юзни тиниқлаштиради
Лимон таркибида C витамини ва микроэлементларни ўзида мужассам қилиши билан аҳамиятли. Шунингдек, тозалаш хусусиятига ҳам эга. Лимон шарбати юзни намлантиради, тиниқлаштиради, ҳуснбузарлар ва теридаги доғларга қарши самарали восита ҳисобланади. Юз терисини пилинг қилиш учун лимондан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун шарбатини ажратиб олиш шарт эмас, шунчаки тенг иккига бўлиб, 5 дақиқа давомида юзингизга айлана ҳаракатлар билан ишқаласангиз бас.
Тери тонусини таранглаштиради
Доғ ёки ҳуснбузардан қолган излар киши юзини носоғлом кўрсатади. Цитрус меваларда эса терини таранг ва тетик кўрсатиш хусусияти бор. Бунда нафақат лимон шарбати, балки лимон ёғидан ҳам фойдаланиш мумкин. Пахтага лимон шарбатини ажратинг ва юзингизнинг муаммоли жойига суртинг, кейин эса совуқ сув билан ювиб ташланг.
Тирноқларни мустаҳкамлайди
3 қошиқ зайтун мойига 1 қошиқ лимон шарбатини қўшинг: тирноқларингизни мустаҳкам бўлиши учун табиий восита тайёр. Аралашмани тирноқларингизга мунтазам равишда суртиб боринг ва ялтироқ ҳамда соғлом тирноқларингиздан кўзингиз қувнасин.
Соч рангига очартиради ва жило беради
Лимон соч рангини очартириш ва унга жило бериш хусусиятига эга экани тадқиқотчилар томонидан ҳам аниқланган. Сиз ҳам сочларингиз рангини очартиришни истасангиз, пуркагичи бор идишга лимон шарбати ва илиқ сув солинг, сочингиз узунлиги бўйлаб пурканг. Кейин эса қуёш нурида 1 соат ўтиринг ва натижадан ҳайратланинг.
Қўл тирсагининг қуриган терисини юмшатади
Лимондан юз ва тери учун скраб сифатида фойдаланиш — тирсакнинг қуруқ қисмидаги терини юмшатиш мумкин. Бунинг учун истеъмол содаси ва лимон сокини паста ҳолига келгунига қадар аралаштиринг. Тирсагингизга суртиб, айлана ҳаракатлар билан уқаланг. Кейин ювиб ташланг ва крем ёки зайтун мойи суртинг.
Қазғоқнинг олдини олади
Майдаланган занжабил илдизи, лимон шарбати, зайтун мойи ва сув аралашмаси бош терисида қазғоқ кўпайишига қарши самарали восита ҳисобланади. Аралашмани бош терисига суртинг ва бироз вақт ўтиб илиқ сувда шампун билан ювиб ташланг.
Офтобдан ўзгарган тери рангини тиклайди
Керагидан ортиқ офтобда тобланиш терини апелсиндек кўринишига сабаб бўлади. Лимонда тери рангини тиклаш хусусияти мавжуд. Бунинг учун кесилган лимонни ранги ўзгарган тери қисмига суртиш кифоя.