Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволаш ишларида қатнашган шифокорларнинг биринчи гуруҳининг 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан тўланди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг коронавирус мавзусига бағишланган навбатдаги сессиясида Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий ёрдам маркази директори Дониёр Алимов маълум қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Биринчи босқичда 14 кун ишлаган тиббиёт ходимларига жавоб берилди ва ваъда қилинганидек шифокорларга 25 миллион сўмдан, ҳамшираларга эса 15 миллион сўмдан тўланди. Бошқа ходимлар ҳам белгиланган пулларини олишди», — дейди Дониёр Алимов.

Шунингдек, айни шу кунларда 4 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари ишлаш истагини билдирган.

Дониёр Алимовнинг билдиришича, коронавирусга қарши кураш тадбирлари доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 1 апрелга қадар 30 миллиард сўмга яқин маблағ келиб тушди. Президент Администрацияси, Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ, Прокуратура ва МИБ ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва Халқаро пресс-клуб томонидан ушбу фондга пул маблағлари ўтказилди. Бундан ташқари, 2 161 нафар фуқаро томонидан ҳам фондга 3 миллиард сўм келиб тушган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда иштирок этадиган шифокорлар ва бошқа ходимлар ҳар 14 кунлик фаолият даври учун Президент томонидан махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Унга кўра, врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм; ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм; кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм; бошқа ходимларга — 5 миллион сўм. Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.