Ўзбекистонда жами 289 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, шундан 274 нафар шахсга нисбатан жами 107 876 250 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган, 15 нафар шахсга нисбатан иш юритишдан тугатилган. 289 нафар шахснинг 14 нафари аёл, 4 нафари 60 ёшдан ошган шахс, 2 нафари чет давлат фуқароси ва 2 нафари фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади.

Ушбу кодекснинг 54-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (31 март ҳолатига кўра, 1 115 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 22 мартдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 25 март куни соат 06:00 дан бошлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситаларисиз, яъни ниқобсиз бўлган шахслар жаримага тортилади.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 167 нафарни ташкил этмоқда.