News cover

Тошкентдаги “Бродвей” реконструкция қилинади

Тошкентда “Бродвей” номи билан танилган Сайилгоҳ кўчаси ҳудуди реконструкция қилинади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахтнинг энг таниқли сайргоҳларидан бири бўлган Сайилгоҳ кўчасида тарихан рассомлар, мусиқачилар, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари иштирокида фаол кўча ҳаёти шакллангани сабабли, ҳудуддаги пиёдалар оқимининг тиғизлиги ва унинг алоҳида аҳамияти уни янада ривожлантириш учун замонавий, барқарор ва эҳтиёткорона ечимларни талаб қилади.

Жорий ҳолат таҳлили нафақат пиёдалар ҳудудининг ўзини, балки унга туташ жойларни ҳам — хиёбон, яшил майдонлар, ўтиш йўлаклари, ёритиш, ирригация, хавфсизлик ва ташқи қиёфани босқичма-босқич, комплекс янгилаш зарурлигини кўрсатди. Бугунги кунда ҳудуд янгиланишга муҳтож бўлиб, айрим жойларда қопламалар яроқсиз ҳолга келган, пиёдалар йўналишлари ҳар доим ҳам қулай эмас, тўсиқсиз муҳитни ривожлантириш, ободонлаштириш унсурларини янгилаш, конструкциялар, ташқи кўриниш ва айрим фаолият турларини санитария, савдо ва шаҳарсозлик талабларига мувофиқ тартибга келтириш зарур. Бунда ҳудуд очиқ шаҳар муҳити хусусиятини сақлаб қолади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги


“Лойиҳа Ягона дизайн-код ва ҳудудни комплекс ривожлантириш тамойилларига асосланган. Тайёргарлик жараёнида аҳоли ва профессионал ҳамжамият таклифлари ўрганиб чиқилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.


Лойиҳа доирасида қуйидагилар кўзда тутилган:

  • йўл ва пиёдалар йўлаклари қопламасини янгилаш;
  • пиёдалар йўналишлари ва ўтиш йўлларини яхшилаш;
  • тўсиқсиз муҳит яратиш;
  • “Бродвей”, хиёбон ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;
  • ёритиш тизимини модернизация қилиш;
  • кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимини ривожлантириш;
  • ўриндиқлар, чиқинди қутилари, ёритиш ускуналари ва бошқа кичик меъморий шаклларни ўрнатиш;
  • фаввораларни реконструкция қилиш;
  • пешлавҳа ва рекламаларни Ягона дизайн-код талабларига мувофиқ тартибга солиш;
  • ноқонуний ва тартибсиз қурилмаларни демонтаж қилиш;
  • савдо фаолиятини белгиланган меъёрларга мослаштириш;
  • жамоат жойларида видеокузатув ва мониторинг тизимларини жорий этиш.

Хабарда билдирилишича, мавжуд дарахтлар кўрикдан ўтказилмоқда ва соҳа мутахассислари назорати остида. Шунингдек, 1000 тупдан кам бўлмаган дарахт, бута ва манзарали ўсимликлар каби янги кўчатларни экиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади — ушбу ҳудуднинг жонли муҳити ва ўзига хос қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, уни пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун янада қулай, яшил, хавфсиз ва замонавий маконга айлантириш. 

Бугун, 11:47

Лайфстайл ва Маданият

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: