Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи 29 ёшли С.М. 29 март куни жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрганлиги аниқланди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-1-моддасига (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) кўра жавобгарликка тортилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти томонидан 2020 йил 26 мартда имзоланган қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу кодекснинг 54-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (27 март ҳолатига кўра, 1 115 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонда карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 12 484 та ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)