Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида икки нафар аёлнинг коронавирус юқтириб олгани юзасидан тафсилотлар маълум қилинди. Бу ҳақда Олмаота вилояти ҳокими матбуот хизматига таяниб, Tengrinews хабар қилган.

Хабарга кўра, икки ҳолат вилоятнинг иккита туманида кузатилган.

Биринчи ҳолат Қорасарой туманининг Кемертўғон қишлоғида яшовчи 1979 йилда туғилган аёлда кузатилган. Аёл Қорасарой туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. У билан мулоқот қилган 8 нафар фуқаро, жумладан, аёлнинг турмуш ўртоғи, фарзанди ҳам карантинга олинган.

Иккинчи ҳолат Енбекшиқозоқ туманида қайд этилган. 1960 йилда туғилган аёл қариндошлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида бўлиб ўтган тўйда иштирок этган. Барча 14 нафар шахс Ўзбекистондан 26 март, пайшанба куни, Есик шаҳрига қайтган. Улар 27 март, жума куни, стационар касалхонада изоляция қилинган. Карантин давомида барча «тўйчилар»дан қон таҳлили олинган. Таҳлиллар аёлда коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатган. 60 ёшли аёл ҳам Қорасарой туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Аввал Қозоғистонда коронавирус билан касалланганлар сони 191 кишига етгани, Нур-Султон шаҳри аҳолиси дарё бўйига уйи йўқлар учун маҳсулотлар тўлдирилган пакетлар ташлаб кетаётгани ҳақида хабарлар берилган.