Давлат статистика қўмитаси 25 март, чоршанба куни, Ўзбекистондаги деҳқон бозорларида алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ўрганиб чиқди ва ўтказилган кузатув натижалари бўйича маҳсулотларнинг минимал-максимал нархларини келтирди. Унда фақатгина деҳқон бозорлари ҳудудидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳисобга олинган. Супермаркет, минимаркет, дўконлардаги нархлар инобатга олинмаган.

Фото: «Дарё»

Мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) 37 000 сўмдан 60 000 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижасига кўра, 1 килограмм мол гўштининг (суяксиз гўштидан ташқари) минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори»да қайд этилган (37 000 сўм). Мол гўштининг максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да кузатилди (60 000 сўм).

Қўй гўшти 39 000 сўмдан 70 000 сўмгача (килограмм)

Қўй гўштининг минимал нархи кузатув натижасига кўра, Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да (39 000 сўм) рўйхатга олинган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да (70 000 сўм) кузатилди.

Картошка 2 500 сўмдан 6 000 сўмгача (килограмм)

Олиб борилган кузатув натижаларига кўра, картошканинг минимал нархи Наманган шаҳрининг «Наманган чорсу деҳқон универсал бозори», Самарқанд шаҳрининг «Сиёб деҳқон бозори», «Дамариқ деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори» ва «Фарҳод деҳқон бозори»да қайд этилган (2 500 сўм). Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да (6 000 сўм) қайд этилди.

Пиёз 1 000 сўмдан 4 000 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижасига кўра, пиёзнинг минимал нархи Гулистон шаҳрининг «Гулистон деҳқон бозори»да (1 000 сўм) рўйхатга олинди. Максимал нархи эса Урганч шаҳрининг «Урганч марказий деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да кузатилди (4 000 сўм).

Сабзи 500 сўмдан 5 000 сўмгача (килограмм)

Сабзи маҳсулотининг минимал нархи кузатув натижасига кўра, Термиз шаҳрининг «Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори»да (5 00 сўм) қайд этилган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори»да (5 000 сўм) кузатилди.

Тухум 4 000 сўмдан 10 000 сўмгача (10 дона)

Кузатув натижасига кўра, тухум маҳсулотининг минимал нархи Янгийўл шаҳрининг «Ихтисослашган Янгийўл шаҳар деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори»да қайд этилди (4 000 сўм). Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да қайд этилган (10 000 сўм).

Гуруч 3 800 сўмдан 18 000 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижаларига кўра, гуруч маҳсулотининг минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори»да рўйхатга олинган («Нукус» навли гуруч 3 800 сўм). Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори»да кузатилди («Лазер» навли гуруч 18 000 сўм).

Ўсимлик ёғи 8 000 сўмдан 13 500 сўмгача (литр)

Ўсимлик ёғи маҳсулотларининг кузатув натижасига кўра минимал нархи Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори»да (маҳаллий пахта ёғи 8 000 сўм) кузатилди. Максимал нархи эса Чирчиқ шаҳрининг «Чирчиқ шаҳри деҳқон бозори» ҳамда Тошкент шаҳрининг «Эски жўва деҳқон бозори», «Олой деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Қўйлиқ деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да (кунгабоқар ёғи 13 500 сўм) кузатилди.

Шакар 5 500 сўмдан 6 500 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижасига кўра, шакар маҳсулотининг минимал нархи Тошкент шаҳрининг «Фарҳод деҳқон бозори», «Миробод деҳқон бозори», «Эски жўва деҳқон бозори» ва «Қўйлиқ деҳқон бозори»да (5 500 сўм) қайд этилди. Максимал нархи эса Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори», Андижон шаҳрининг «Янгибозор деҳқон бозори» ва «Андижон шаҳар марказий деҳқон бозори», Бухоро шаҳрининг «Бухоро марказий деҳқон бозори», Жиззах шаҳрининг «Жиззах марказий деҳқон бозори» ва «Эски шаҳар деҳқон бозори», Термиз шаҳрининг «Термиз шаҳар деҳқон озиқ-овқат бозори», «Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори» ҳамда Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да (6 500 сўм) кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолияти давом этадиган деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишмовчилиги бўлмаслиги ҳақида расмий баёнот билан чиққан. Унга кўра, мамлакатда аҳолини маҳсулотлар билан узлуксиз, барқарор нархларда таъминлаш ва захирасини яратиш борасида ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Баҳор ойларида аҳолини картошкага бўлган талаб ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар қилингани келтирилган.

Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси озиқ-овқат маҳсулотлари нархи назоратга олинишини маълум қилганди. Тадбиркорлардан эса коронавирус карантини шароитида нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати олинган.