Фарғона вилояти кўчаларида карантин қоидаларига риоя қилмай, тиббий ниқобсиз юрган фуқаролар жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Фарғона вилояти ИИБ, Миллий гвардия ҳамда Давлат санитария назорат органлари ҳамкорлигида 25 март куни тонгдан Фарғона шаҳридаги ҳолат ўрганилганида жамоат жойларида ниқобсиз юрган фуқаролар аниқланди. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) маъмурий баённомалар тузилган.

Фуқаролар, жумладан, ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши керак, карантин қоидаларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилмоқда. 25 март куни соат 06:00 дан бошлаб шундай қоидабузарлик қайд этилса, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса, БҲМнинг 3 баробари миқдорида жаримага тортилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 60 кишига етган. Тошкент шаҳри ҳудуди 24 мартдан бошлаб ёпиб қўйилгани, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилган.