АҚШда бир гуруҳ ёшлар томонидан карантингга қарши норозилик сифатида уюштирилган базмда камида бир киши коронавирус юқтириб олди, деб хабар беради CNN.

Фото: Pixabay

Кентукки штатида истиқомат қилувчи ёшлар карантин чораларидан норози эканлигини ифода этиш мақсадида кечки базм уюштирган. Таъкидланишича, тадбир иштирокчилари ҳукуматнинг оммавий йиғилишлар ўтказмаслик тўғрисидаги чекловини бузган. Улар ўзларини коронавирус зарар етказа олмайдиган «шахс» деб ҳисоблаб, буни исботлашга уринган.

Базмдан кейин унда иштирок этган ёшларнинг камида бир нафарида COVID-19 аниқланган. Кентукки губернатори Энди Бишар ушбу ҳолатдан дарғазаб эканлигини билдирган. «Биз бундан яхшироқ бўлишимиз керак», — дейди амалдор.

Ҳукумат ёшларни бошқаларнинг фойдаси учун изоляцияда ўтиришга чақирди. Чунки ёшлар касалликнинг ҳеч қандай аломатлар кузатилмаса-да, вирус тарқатувчи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан касалланганларнинг 20 фоизини 20-44 ёш оралиғидаги инсонлар ташкил этмоқда, Нью-Йоркда эса 53 фоиз касаллар — 19-49 ёш оралиғидаги фуқаролар.