Ўзбекистонга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ортидан ижтимоий тармоқларда ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқалишда давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда «ҳар бир фуқарога ҳафтасига 300 минг сўмдан берилиши» ҳақида ёлғон хабарлар тарқади. Маълум қилинишича, бу каби маълумотлар ҳақиқатга зид.

Аввалроқ, дўконларда, автобусларда ва кўчаларда болалар аниқланса, ота-оналари жаримага тортилиши, хавфсизликни таъминлаш мақсадида мактабларда рейдлар ўтказилиши, қўшимча дарслар ёки тўгаракларда иштирок этаётган ўқувчилар аниқланса, мактаблар жаримага тортилиши каби ёлғон маълумотлар тарқалгани ҳақида хабар берилганди.

Жиноят кодексининг 244-1-моддасига мувофиқ, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда) жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш эса 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда) жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Юқоридаги ҳаракатлар:

  • олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
  • хизмат мавқейидан фойдаланиб;
  • диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
  • оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.