Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида коронавируснинг тарқалишини олиш мақсадида 22 март кечасидан бошлаб авиа алоқа ва темир йўл қатновлари тўхтатилади. Бу ҳақда 18 март куни ўтказилган брифингда Олмаота ҳокими ўринбосари Ерлан Кожагапанов маълум қилган.

Фото: «Дарё»

«Шаҳар ва мамлакат ташқарисида бўлган барча олмаоталикларга кириш учун 72 соат вақт берилади. Худди шу қоидалар шаҳарни тарк этмоқчи бўлган мамлакатимиз фуқаролари ва чет эл фуқароларига ҳам амал қилади. 22 март куни соат 00:00 да барча блокпостлар ёпилади», — деган у.

Шу билан бирга, Кожагапанов халқаро рейслар учун истисно ҳоллари борлигини таъкидлаган. «Халқаро рейсларга келсак, Олмаотага қайтишни истаган фуқаролар ва халқаро рейсда учиб кетмоқчи бўлган бошқа мамлакатлар фуқаролари учун 22 мартга қадар вақт этмай қолиши мумкинлиги сабабли учаверади. Масалан, агар одамлар Канададан ёки Жануби-Шарқий Осиёдан қайтаётган ва чиптани бундан кечроқ вақтга олган бўлса, уларни қабул қиламиз. Бироқ айрим босқичларда халқаро рейсларга чеклов киритамиз», — дея қўшимча қилган у.

Кожагапановнинг сўзларига кўра, Олмаота бўйлаб аҳолининг ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланмаган. Автобус ва метролар штат режимида ишлашда давом этади, аммо йўловчилар сони камайгани сабабли транспорт қатнови оралиғи 20 фоизга узайтирилади.

Маълумот учун, Қозоғистонда коронавирусни юқтириб олганлар сони 33 нафарга етган. Жумладан 15 та ҳолат Олмаотада қайд этилган. Мамлакатда оммавий тадбирлар бекор қилинди, мактаб ўқувчилари таътилга эртароқ чиқди, давлат органларига хорижга хизмат сафарига чиқиш тақиқланди. Фуқароларга қўл бериб кўришмаслик тавсия қилинди.

Мамлакатда коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди. Бу даврда қозоғистонликлар мамлакатни тарк эта олмайди (хорижга даволаниш учун кетаётганлардан ташқари).