Mobiuz мобил алоқа оператори ҳам коронавирус пандемияси сабаб бир нечта янгиликлар сайтлари, жумладан, «Дарё»га киришда ҳисобдаги маблағ ёки мегабайтлар интернет-трафикдан сарфланмайдиган қилиб қўйди. Хусусан, 7 та янгиликлар сайти ва Ўзбекистондаги бир нечта ахборот-маърифий ресурсларга кириш бепул бўлди.

Фото: Mobiuz

Mobiuz 1 майга қадар қуйидаги янгиликлар сайтидаги маълумотлар ва хабарлар билан танишган абонентлар ҳисобидан ёки интернет трафикдан маблағ олмайди:

  • «Daryo.uz»;
  • «Kun.uz»;
  • «Podrobno.uz»;
  • «Uznews.uz»;
  • «Узрепорт.news»;
  • «Xabar.uz»;
  • «Gazeta.uz».

«Бу орқали Mobiuz абонентлари коронавирус бўйича янгиликлардан ва жойлаштирилаётган таҳлилий маълумотлардан янада кенгроқ хабар топади, деган умиддамиз. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари коронавирус мавзусини кенг ёритмоқда, ахборот-таҳлилий материаллар бериб боришмоқда. Энди абонентларимиз мегабайтлари ҳақида қайғурмасдан бу материаллар билан танишиб чиқишлари мумкин», — дея янгиликни изоҳлаган Mobiuz бош директорининг маркетинг ва сотувлар бўйича ўринбосари Лола Филатова.

Шунингдек, Mobiuz Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Call-марказининг ягона 1003 рақамига бепул қўнғироқларни амалга ошириш имкониятини яратган. Аҳоли ушбу рақам орқали коронавирус билан боғлиқ барча саволларга мутахассислардан жавоблар олиши мумкин.

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда абонентлар учун бир қатор ахборот-таълим сайтларига кириш бепул қилинган. Улар қаторида «Eduportal.uz» ХТВ ахборот-таълим портали, «Kitob.uz» Республика болалар китобхонаси веб-сайти ва бошқа веб-ресурслардир («uzedu.uz», «xtv.uz», «pm.xtv.uz», «xt.uzedu.uz», «stat.uzedu.uz», «emis.uzedu.uz», «kundalik.com»). Mobiuz ҳамкори — Khan Academy Ўзбек онлайн таълим платформаси («uz.khanacademy.org»)нинг имкониятларидан фойдаланиш ҳам мегабайтларни сарфламайди.

Коронавирус пандемиясининг олдини олиш чора-тадбирлари доирасида вақтинча қўшимча қулайликлар яратилди. Mobiuz абонентлари энди мобил интернет трафигини сарфламаган ҳолда «edumarket.uz», «online-maktab.uz», «talim.uzedu.uz», «utube.uz» ва «itschool.uz» таълим порталларининг имкониятларидан фойдаланишлари мумкин. Бу эса ёшлар, ота-оналар ҳамда ўқитувчи-мураббийлар учун шу кунларда жуда долзарб.

Айтиб ўтиш керакки, веб-ресурсларга, шу жумладан, ОАВ сайтларига киришда прокси-сервер, шу жумладан, VPN’дан фойдаланилган бўлса, мобил интернет трафиги нархланишни бошлайди.

Аввал халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналардан карантин сабаб эълон қилинган таътил вақтида фарзандларининг мустақил таълим олишида юқоридаги веб-ресурслардан фойдаланишни тавсия этганди.

Аввал Beeline Ўзбекистон коронавирус сабаб «Дарё» ва бошқа сайтларга киришни бепул қилгани хабар қилинган. Бутун дунёда онлайн-кинотеатрлар, турли ўқув муассасалари, кўнгилочар сайтлар ва турли соҳаларда ахборот берувчи платформалар карантинда ўтирган одамлар учун бепул обуна, турли чегирмалар ва текинга таълим курсида ўқиш каби уларни чалғитувчи лойиҳаларни амалга оширмоқда. Онлайн тарзда концертлар томоша қилиш, опера эшитиш, китоблар ўқиш имконияти шулар жумласидан.