16 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри кўчаларидаги қонун талабига жавоб бермайдиган ташқи реклама объектларига қарши қатъий чоралар кўрила бошланди, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, пойтахтда уч мингдан ортиқ шундай объектлар бор.

«Темир устунга ўрнатилган ва бетон билан қотирилган металл конструкция бир неча йил давомида реклама берувчиларга хизмат кўрсатган. Унинг  эгалари эса аллақачон даромад қилишга ҳам улгурган. Лекин қонунда белгиланган тартибда давлатга солиқ тўламай келган. Шу сабабли реклама объекти шаҳар марказида туришга нолойиқ деб топилди», — дейилади хабарда.

2020 йилнинг февраль ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан ташқи реклама объектларини қуриш тартиби, қуриш учун бериладиган ер, бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Ушбу қарор ижроси юзасидан айни кунларда ишчи гуруҳ ноқонуний қурилмаларни аниқлашни бошлади.

«Бу тадбирдан мақсад шаҳар кўркини бузиб турган, шунингдек ҳеч қандай ҳужжатсиз ўрнатилган реклама объектларини демонтаж қилиб, шаҳар кўркини сақлаб қолиш. Қонуний, ҳужжат асосида ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилинмайди», — дейди архитектура режалаштириш бюроси бошлиғи ўринбосари Баҳром Рустамов.

Аввалроқ, пойтахт рекламачиларнинг Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш сўзлари ва тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик ҳақида «Ўзавтойўл» давлат қўмитасига қаратилган чорлов акс этган реклама баннерлари пайдо бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида бугунги кунда 10 мингдан ортиқ ташқи реклама объектлари бор, улардан 7 мингдан сал копроғида объект паспорти мавжуд, қолганлари эса ноқонуний ўрнатилган.