«Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Гулбаҳор Саидғаниева, Шуҳрат Полвонов шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини ошириш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ойлик маошини ошириш масалаларини кўтармоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Депутатлар, хусусан, юқумли касалхоналарда ишлаётган шифокорлар ойлик маошини бир неча баробарга оширишни таклиф этмоқда.

Депутатларнинг фикрича, бирламчи тиббиёт муассасаларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар маошини кўтариш вақти келган. «Чунки бугун аҳоли саломатлигини сақлаш, айниқса, бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирусдан одамларни асраш, ундан талафотларсиз чиқиш учун астойдил меҳнат қилаётган соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарур», — дейилади хабарда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 13 кишида коронавирус аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, 641 киши касалхоналарда, 5661 киши эса уй шароитида карантинга олинган.

Бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 187 мингдан ошиб кетди. Касалланганлар сони бўйича Хитойдан кейин Италия турибди. 17 март ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусни юқтирганлар сони 26 минг кишидан ошиб кетган. Бир сутка давомида ушбу кўрсаткич 2,9 мингтага кўпайган.