Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг коронавирусга топширган иккинчи тести ҳам салбий натижани кўрсатди. Бу ҳақда президент Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирди, деб хабар берди «РБК».

Фото: «ТАСС»

«COVID-19 га топширган иккинчи тестим ҳам салбий чиққанини маълум қиламан», — деб ёзади Болсонару.

Бразилия президенти илк марта ёрдамчиси Фабио Вайнгартернда коронавирус қайд этилганидан сўнг тест топширган эди.

Аввал бир нечта ОАВ томонидан Болсанарунинг таҳлил натижалари ижобий чиққани ва унинг COVID-19 коронавирусини юқтириб олгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг Жаир Болсонару Facebook’даги саҳифаси орқали ўзининг коронавирусга топширган намуналари ижобий эмас, балки салбий чиққани ва касалликни юқтириб олмаганини эълон қилган эди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам коронавирусга тест топширди. Унда касаллик аниқланмади.

Коронавирус жаҳон сиёсатчилари оиласини ҳам четлаб ўтмаяпти. Хусусан, Испания ва Канада бош вазирларининг рафиқаларида коронавирус аниқланган.