Хитойда коронавирус тарқалишининг энг юқори чўққиси ортда қолди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш ва гигиена масалалари бўйича давлат қўмитаси раиси Ми Фэнга асосланиб, «РБК» хабар берди.

Фото: Xinhua

Унинг сўзларига кўра, коронавирусга чалинишнинг янги ҳолатлари камаймоқда.

Ми Фэннинг аниқлик киритишича, Уханда 11 март, чоршанба куни, бор-йўғи олтита янги ҳолат қайд этилган. Хубэйни ҳисобламаганда бутун Хитойда еттита янги ҳолат аниқланган. Улардан олтитасида коронавирус хорижий мамлакатларда юқтирилган.

Аввалроқ Хитойда коронавирус билан касалланганларнинг салкам 78 фоизи соғайгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, эпидемия ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинцияси расмийлари илгари киритилган чеклов чоралари бирмунча енгиллаштирилганини маълум қилди. COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳолатларининг сони сезиларли даражада қисқариши фонида провинция ҳукумати ўз фуқароларининг ҳаракатига тақиқни қисман олиб ташлашга ва жамоат транспорти фаолиятини тиклашга қарор қилди.