Хитойда янги турдаги коронавирусни юқтириш ҳолатлари кундан кунга камайиб бормоқда, деб ёзади «РИА Новости».

Фото: Xinhua

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълумотларига кўра, коронавирус билан касаллаганларнинг 77,7 фоизи соғайгани учун уйга рухсат берилган. Ҳозирги вақтда мамлакатда коронавирусдан ўлим даражаси 3,9 фоизни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, Хитой ҳудудида коронавирусни юқтирганларнинг умумий сони 80 793 кишини ташкил этиб, улардан 62 793 нафари соғайишга муваффақ бўлган.

Эпидемия бошланганидан бери Хубэйни ҳисобга олмаганда, бутун Хитойда 13 012 та касалланиш ҳолати қайд этилган. Улардан 113 таси ўлим билан якунланган. Ўлим даражаси 0,86 фоизни ташкил этган.

Эпидемия ўчоги ҳисобланмиш Хубэйнинг ўзида 67 781 нафар бемор қайд этилган, улардан 3056 киши вафот этган. Ўлим даражаси ҳудудда 4,5 фоизни ташкил этагн.

Ухань шаҳрида эса касалликдан вафот этиш даражаси 4,86 фоизни ташкил этган.

Эпидемия ҳаммаси бўлиб мамлакатнинг 3169 фуқаросини ҳаётдан олиб кетган.

Сўнгги вақтда Хитойда эпидемиологик вазият яхшиланмоқда. Сўнгги кунларда бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 15 та янги ҳолат аниқланган. Улардан олтитасида коронавирус Хитой ташқарисида юқтирилган, яна саккизта ҳолат эса Хубэйда қайд этилган.

Аввалроқ Хубэй провинцияси расмийлари илгари киритилган чеклов чоралари бирмунча енгиллаштирилган эди. COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳолатларининг сони сезиларли даражада қисқариши фонида провинция ҳукумати ўз фуқароларининг ҳаракатига тақиқни қисман олиб ташлашга ва жамоат транспорти фаолиятини тиклашга қарор қилди.