NASA олимлари Марс суратларида ғайриоддий тешик топди. NASA блогининг хабарига кўра, туйнук сўнган вулқон ёнида жойлашган ва тирик организмларга ишора қилиши мумкин.
Тешик 2011 йилда Reconnaissance Orbiter томонидан олинган Марс суратларини олимлар ўрганаётган пайтда аниқланган. Диаметри 35 метр бўлган тешик Павлин тоғининг ғарбий ёнбағрида жойлашган. Мутахассислар кратернинг сунъий келиб чиқишига ишора қиладиган деярли мукаммал юмалоқ шаклга эга эканлигини пайқаган.
Ён ёритишни ишлатиб, олимлар тешик остида бўш жой борлигини аниқлаган. Ички соя бурчагига асосан, тешик тахминан 28 метр чуқурликка эга эканлиги аниқланган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, вулқон остида жойлашган ғор Марснинг мураккаб иқлим шароитидан ва радиациядан ҳимояланган бўлиши мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, келажакда Павлин тоғидаги вулқон биринчи навбатда илмий экспедиция томонидан ўрганилиши керак. Олимларнинг фикрига кўра, агар бундай ғорларда маҳаллий жонзотлар топилмаса ҳам, улар илмий жиҳозларни, шу жумладан, Марсда юрувчи роботларини сақлаш учун ишлатилиши мумкин.
Январь ойида халқаро олимлар гуруҳи Марсдан сув йўқолиб кетишининг сабаблари ҳақида маълум қилган. Уларнинг сўзларига кўра, сув молекулалари қуёш нури туфайли водород ва кислород атомларига бўлинган ва заиф гравитация туфайли улар космосга чиқиб кетган. Аммо катта миқдордаги намлик тахминан 80 километр баландликда сақланиб қолган.
Изоҳ (0)