«Барселона» клуби ҳужумчиси Луис Суарес агар келаси мавсумнинг 60 фоиз учрашувида майдонга тушса, ўртадаги келишув ўз-ўзидан узайтирилади.
33 ёшли уругвайлик футболчининг «кўк-анорранглилар» билан амалдаги келишуви 2021 йилнинг ёзида якунига етади.
«Оилам Барселонада бахтли. Ҳали клубга фойда келтира оламан, деган фикрдаман. Ҳамкорликни давом эттириш ҳақидаги қарорни клуб қабул қилади. Албатта, фаолиятимни «Барселона»да давом эттиришни хоҳлайман. Аммо ҳаммаси фақат менга боғлиқ эмас. Агар келаси мавсумдаги 60 фоиз учрашувда майдонга тушсам, клуб билан тузилган битим автоматик тарзда узайтирилади», — дея уругвайлик форварднинг сўзларини келтирмоқда Аs.
Эслатиб ўтамиз, Суарес 2014 йили «Ливерпуль»дан «Барселона» сафига келиб қўшилганди. Тажрибали ҳужумчи каталон клуби таркибида бугунги кунгача 270 та ўйинда иштирок этиб, 191 та гол муаллифига айланди. Жамоаси билан 4 карра Испания чемпиони, 4 карра мамлакат Кубоги, бир марта Европа Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритди.
Жорий мавсумда уругвайлик ҳужумчи барча мусобақаларда 23 та ўйин ўтказиб, 14 та тўп киритишга муваффақ бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)