Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича вазифалар муҳокамасига бағишланган 25 февралдаги йиғилишда соҳани молиялаштириш тизимини танқид қилди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
«Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизими танқидий таҳлил этилди. 20-30 фоиз маблағ самарасиз сарфланаётгани кўрсатиб ўтилди», — дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган ахборотда.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария учун ажратилаётган маблағ улуши 35-40 фоизни ташкил этади. Хорижда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.
Шунингдек, давлат ва хусусий тиббиёт учун тенг шарт-шароит, рақобат муҳити яратилмагани ҳам танқид остига олинган. «Молиялаштиришда электрон тизимнинг йўқлиги маблағлар унумдорлигини таҳлил қилиш имконини бермаяпти», — дейилади расмий ахборотда.
Шу муносабат билан, Шавкат Мирзиёев соҳани молиялаштиришни такомиллаштириш, мажбурий тиббий суғуртага оид қонунлар қабул қилиб, уни босқичма-босқич жорий этиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган.
Изоҳ (0)