Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгашининг навбатдан ташқари учинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Рустам Холматов нутқ сўзлади.
Билдирилишича, қулай географик жойлашув, ривожланган бозор инфраструктураси, мева-сабзавотчиликда донғи кетган ўзига хос мактаб бўлишига қарамай, туман жуда кўп йўналишларда қўшни ҳудудлардан ортда қолган.
Йиғилишда, туманда ердан фойдаланиш, коммунал соҳа, норасмий ишлаётган ишчиларни легаллаштириш, қурилиш каби йўналишларда ўзибилармонлик, бошбошдоқлик юзага келгани кескин танқид қилинди.
Муҳокамалардан сўнг Акбар Сулаймоновни Тошкент тумани ҳокими вазифасидан озод этиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан тасдиқланди.
Рустам Холматов Тошкент тумани ҳокими лавозимига Одилхон Рустамов номзодини тавсия қилди. Унинг номзоди Тошкент тумани ҳокими лавозимига депутатлар томонидан тасдиқланди.
Одилхон Рустамов фаолияти давомида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси акциядорлик жамияти бошқарув раиси, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими, Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари в.в.б. лавозимида фаолият юритган.
Сессия ишида Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Шерзод Қудбиев иштирок этди.
Бундан олдин Тошкент вилоятининг Бўка, Бекобод ва Янгийўл туманларида ҳоким ўзгаргани хабар берилганди.
Изоҳ (0)