Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Икки ойлик танаффусдан сўнг мухлислар орзиқиб кутган Европа Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичига 18 февраль, сешанба куни старт берилади.

Фото: «Ronaldo.com»

Фото: «Ronaldo.com»

1/8 финал босқичининг энг томошабоп ўйинларидан бири сўзсиз Дортмундда кечиши кутилмоқда. Унда айни дамда Европанинг энг кучли ҳужум триоларига эга икки жамоа кураш олиб боради — «Боруссия» ўз уйида собиқ мураббийи Томас Тухель устозлик қилаётган ПСЖни меҳмон қилади.

«Боруссия» ва ПСЖ ҳеч қачон Чемпионлар Лигасида ўзаро тўқнаш келмаган. Томонлар Европа Лигаси доирасида 2010/11 йилги мавсум бир гуруҳда учрашган. Париждаги учрашувда голсиз дуранг қайд этилган бўлса, Дортмундда эса жамоалар 1:1 ҳисобида рози бўлган.

Мусобақа йўли

«Боруссия» гуруҳ босқичида «Барселона», «Интер» ва «Славия» билан тўқнаш келганди. «Асаларилар» Каталония клубини иккала ўйинда ҳам юта олмади. «Интер»га эса меҳмонда мағлуб бўлиб, сўнгги турдан олдин гуруҳда қийин ҳолатга дуч келди. Сўнгги турда Люсен Фавр шогирдлари «Славия»ни ўз уйида ютиши ва «Интер»нинг очко йўқотишини кутиши лозим эди. Немисларнинг бахтига ҳаммаси кўнгилдагидек кечди. «Боруссия» иккинчи ўрин билан плей-офф йўлланмасига эга чиқди.

ПСЖ эса гуруҳ босқичини ҳеч қандай қийинчиликсиз босиб ўтди. Ҳатто гуруҳда Зинедин Зидан бошчилигидаги «Реал» бўлса ҳам. Парижликлар 6 та ўйиннинг 5 тасида ғалаба қозонди. «Реал» билан битта ўйинда дуранг қайд этилди, яна бирида эса Мадрид клуби таслим қилинди. «Брюгге» ва «Галатасарой»га бўлса умуман имконият қолдирилмади. ПСЖ ўз гуруҳида 16 очко билан якка пешқадам сифатида 1/8 финалга йўл олди.

Ҳал қилувчи вазиятлар

Дортмунд клуби ортда қолган уик-эндда репетицияни яхши ўтказди. Люсен Фавр иккита муаммони ҳал қилиши лозим эди — ҳимоя ва жароҳатлар. Мураббий уларни ҳал этишга ҳаракат қилди ва қайсидир маънода бунинг уддасидан чиқди. Клуб майдон марказида икки асосий ўйинчиси — Марко Ройс ҳамда Юлиан Брандтдан маълум муддатга фойдалана олаётгани йўқ. Бу орқали эса марказдаги барқарорликка путур етмоқда. Бундеслиганинг ортда қолган турида «Боруссия» «Айнтрахт»ни таслим қилди. Франкфурт клуби Фавр жамоаси дарвозасига битта ҳам аниқ зарба йўллай олмади. Ушбу баҳсда Фавр майдон марказидан Мануэль Аканжини олиб ташлади. Марказий ҳимояда Ҳуммелс, Загаду ва Пишчек ҳаракат қилди. Қанотларда эса доимгидек, Рафа Геррейру ҳамда Ашраф Ҳакими. Таянч ярим ҳимоясида эса Эмре Жан ўзини «балиқ»дек ҳис қилди.

Геррейру ва Пишчек сабаб жамоа уч марказий ҳимоячи тактикасидан дарҳол тўрт ёки уч таянч ярим ҳимоячи тактикасига мослаша олди. Бу схема эса қарши ҳужумларда Фавр жамоасидан кўп нарса кутиш мумкинлигини англатади.

ПСЖ эса Лига 1 доирасида 25-турда катта ротацияга қўл урди. Тухель «Амьен»га қарши илк дақиқаларда Тило Керер, Хуан Бернат ҳамда Марко Верратиларга имконият берди. Жамоа сардори Тиаго Сильва эса атиги 1 та бўлим майдонда ҳаракат қилди. Немис мураббийининг ҳимоядаги экспериментлари ўзини оқламади. 40-дақиқа келиб, «Амьен» ПСЖни 3:0 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлаётган эди. Иккинчи бўлимда эса Тухель ўзгаришларга қўл урди. Жамоа 75-дақиқага келиб, ҳисобни 4:3 кўринишига келтирди, бироқ ўйин сўнгида барибир ғалабани қўлдан чиқарди. Қўшимчасида Леандро Паредес ҳам сафдан чиқди. Дортмундга борадиган Веррати, Менье ҳамда ди Мариялар ҳисобида сариқ карточка бор. Агар улар олмон юртида сариқ карточка оладиган бўлса, Париждаги ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлади. «Амьен»га қарши баҳсда ПСЖнинг 17 ёшли ҳимоячиси Ниёз Куасси бурчак тўпидан сўнг икки марта боши билан гол уришга эришди. Фаврнинг «Боруссия»си эса стандарт вазиятларда ҳавас қиларли даражада ҳимояланаётгани йўқ.

Ҳоланддан ҳамма гол кутмоқда. Неймардан эса мўъжиза ёки...

УЕФАнинг янги қарорига кўра, «Боруссия» мусобақанинг гуруҳ босқичидаги энг яхши иккинчи рақамли тўпурари Эрлинг Ҳоландни ўз сафига қўшиб олди ва энди у бемалол ПСЖга қарши ўйнаши мумкин. Ҳоланд Дортмундга келгандан бери гол урмоқда ва бу ишни ҳозирда барқарор равишда бажара олмоқда. Ҳоланд Бундеслига тарихида ўзининг илк 5 та ўйинида 8 та гол урган дастлабки футболчи айланди. У ҳатто Бундеслигада январь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Дортмунд ҳужум чизиғи учун Ҳоланд эндиликда Жейдон Санчо билан биргаликда жавобгар бўлади дея ҳисобламоқда футбол мутахассислари ва мухлислар.

ПСЖнинг ҳужум чизиғида эса юлдузлар йиғилгани ҳаммага аён. Неймарнинг машғулотларга қайтиб, Дортмундга йўл олгани эса парижлик мухлисларни хурсанд қилгани бор гап. Ҳар ҳолда мухлислар ҳамон бразилиялик футболчидан мўъжиза кутишда давом этмоқда. Мауро Икарди ҳамда Килиан Мбаппеда эса ҳозирда ҳаммаси жойида. Иккала футболчи ҳам ўз вазифаси — гол уришни қойиллатмоқда. Камига қишки трансферлар вақтида клубда олиб қолинган Эдинсон Кавани бор. У ҳам исталган вақтда ҳужум чизиғида жамоасига ёрдам беришга тайёр.

Тахминий таркиблар

Боруссия Дортмунд: Бюрки — Шульц, Ҳуммелс, Загаду — Ҳакими, Дауд, Витцель, Геррейру — Санчо, Ҳоланд, Азар

ПСЖ: Навас — Мене, Керер, Сильва, Кюрзава — Верратти, Гуйе, Ди Мария, Дракслер — Икарди, Мбаппе

Ўйнамайди: Ройс, Дилэйни — Дагба, Диалло

Чемпионлар Лигаси

1/8 финал босқичи

«Боруссия Д»—ПСЖ 01:00

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Виртуал карталар нима ва улардан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин?
Дунё
Twitter офисида ходимлар учун каравотлар пайдо бўлди, Илон Маск аввалроқ меъёридан ортиқча иш бўлиши ҳақида огоҳлантирганди
Маҳаллий
Хоразмда икки киши ис газидан вафот этди