Компьютер дунёсида хакерлик касби жуда машҳур. Маълумки, хакер – интернет сайтлари ва серверлари қароқчиси. Хакер ўзи аслида кучли компьютер мутахассиси бўлиб, маҳоратини турли хил, асосан жиноий мақсадларда ишлатади.
Инглизча жаргондаги hack сўзи «синдириш, узиб юбориш» деган маъно англатади. Ҳақиқий компьютер ўғрилари ва безорилари айнан шундай иш билан шуғулланади. Бугунги кунда хакерларнинг бутун бошли халқаро уюшмалари мавжуд. Куни кеча Андижон вилояти матбуот котибининг ёзишмалари тарқаб кетишига ҳам хакерлар сабаб қилинди. Аммо ҳақиқий хакерлар бундай майда ишлар билан шуғулланмайди.
Бундан роса 25 йил муқаддам хакерлар ичида энг биринчи ва таниқлиси, америкалик Кевин Митник ҳибсга олинган. Шу воқеадан сўнг илк хакернинг шахсияти очилган, хакерлик эса тренд соҳага айланиб қолган.
«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов Митник ҳақида ҳикоя қилади.
Болалик қитмирликлари
Кевин Митник 1963 йилда Лос-Анжелесда туғилган ва болалигидан бошлаб техник тизимларни бузиш билан шуғуллана бошлади. Ўша пайтда ҳали интернет йўқ эди, шунинг учун ҳам ёш Кевин, «майда безориликлар» билан шуғулланди.
Масалан, 12 ёшида автобус чипталарини сохталаштиришнинг оригинал усулини ихтиро қилиб, шаҳар бўйлаб бепул сайр қилди. Митник яратган металл чипли яна бир сохта карточка эса шаҳардаги қиммат пляжларга киришга имкон берди. Кейин бу иқтидорли йигит маҳаллий McDonald’s Auto шохобчасидаги овозли алоқа тизимини бошқариб, гамбургер, фри, музқаймоқ ва бошқа мазали нарсаларни бепул тановул қилиб юрди.
Жиддий ишлар
16 ёшида Митник мактаб компьютер тармоғига хакерлик ҳужумини амалга оширди. Бу унга мактабдаги баҳоларини тузатиш имкониятини берди. Кейин у Digital Equipment Corporation тармоғига ҳужум қилиб, у ерда жойлашган дастурий таъминотни ўғирлади.
Кевин Митник Жанубий Калифорния университетига ўқишга кириб, қўшимча билим ва кўникмаларга эга бўлди. У оддий компьютердан интернетнинг аввалги авлоди бўлган Arpanet глобал тармоғига кирди, Лос-Анжелес университетидаги компьютер орқали эса АҚШ мудофаа вазирлигининг серверларига етиб борди. Бу иш фош қилинди ва ёш кибержиноятчи тезда топилиб, ҳибсга олинди. Қилмишлари учун Кевин Митник олти ойга ёш ҳуқуқбузарлар ахлоқ тузатиш марказига юборилди ва университетдан ҳайдалди.
Кондорнинг парвози ва қулаши
Қамоқдан чиққанидан кейин Митник компьютер қароқчиликни ўрганишни давом эттирди. Барча янгиликлардан хабардор бўлишга ҳаракат қилиб, хусусий дастурлаш курсларига ва тармоқ тизимлари ҳақидаги маърузаларга борди. Курсларда у Бонни исмли қиз билан танишди. Қиз унаштирилган, аммо бўлажак куёв ундан ниманидир яширмоқда деб гумон қилди. Қизнинг илтимосига биноан Митник кредит агентлигининг базасига кириб, қизнинг келажакдаги турмуш ўртоғининг барча мол-мулки музлатилганини, кўчмас мулк ва қимматбаҳо машиналари сотилганини аниқлади. Натижада қиз муносабатларини бекор қилди ва Кевин билан учрашишни бошлади.
Танишувнинг бошида ёшлар «Кондорнинг уч куни» бадиий фильмини бир неча бор томоша қилди. Бу фильм бир муҳандис техник қобилиятидан фойдаланиб, Америка разведкасини оёққа турғазгани ҳақида эди. Кевин Митник фильм қаҳрамонидан Кондор тахаллусини олди ва хакерлар орасида шу ном билан танилди.
Кевин Митник яна бир хакер – Ленни Ди Чикко билан ҳамкорликда ишлай бошлади. Улар биргаликда ҳимояланган банк ва телефон тармоқлари терминалларига кириб борди. Митник исталган банк ҳисоб рақамини телефон тармоғини тўлиқ назорат қилиши, ҳар қандай жорий уланишга қўшилиши, қўнғироқларни сохталаштириши ва ҳаттоки ускуналарни бошқариши мумкин эди. Ўша пайтда интернет ва телефония бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, жиноятчилар ундан моҳирлик билан фойдаланиб, катта пул ишлар эди.
Ҳаммаси яхши кетаётганди, аммо 1987 йилнинг декабрь ойида Ди Чикко кутилмаганда шеригини ФҚБга топширди. Баъзи оммавий ахборот воситаларида бу воқеаларда қандайдир «романтик ҳикоя» кўрилди, аммо аксарият медиа бу воқеа шунчаки хакерлар ўғирланган пулни бўлиша олмагани ортидан келиб чиққан деган версияни илгари сурди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Кевин Митник яна маҳкамага ташланди. «Унинг хатти-ҳаракатлари шу қадар жиддийки, биз ҳали ҳам етказилган зарарни тўлиқ тасвирлай олмаймиз», деган эди ҳудуд прокурори ўринбосари судда. У Митник Пентагоннинг махфий кириш кодларини ўғирлаган ҳолда NORAD тизимига кириб, атом урушини бошлаши мумкин бўлганини даъво қилди.
Судья Марианна Пфельцер Митникни 12 ойга қотиллар ва тажовузкорлар сақланадиган федерал турмага ҳукм қилди. Биринчи ойларда унга қамоқхона телефонидан фойдаланиш тақиқланди. Бу эҳтиёткор қарор эди.
Кевинга телефондан фойдаланишга рухсат берилиши биланоқ у кичик фирибгарликларни амалга ошира бошлади. Масалан, маълум рақамлар кетма-кетлигидан фойдаланиб, керакли подстанцияга уланиб, абонент ҳисобидан шаҳарлараро қўнғироқлар қиларди.
Клавиатурани михга илиш
Бонни Кевинга у билан муносабатлари тугатаётганини айтганида қамоқдан озод бўлишига бир неча кун қолган эди. Севган қизидан айрилиш Митникка кучли зарба бўлди. У умрбод хакерликни йиғиштиришга ва янги ҳаёт бошлашга қарор қилди.
Аввалига ҳаммаси яхши эди. Митник Лас-Вегасга жўнаб кетди, у ерда фитнес билан шуғулланди, тўғри овқатланишни ўрганди ва умуман соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлиб яшади.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас
1992 йилнинг январь ойида Лос-Анжелесдан Кевинга отаси қўнғироқ қилди. Оилада фожиа юз берган эди. Гиёҳванд моддалар билан савдо қиладиган акаси Адамнинг жасади уй ёнига ташлаб кетилган машинада топилганди.
Қариндошлар Адамнинг оёқ кийимидаги ипларни бошқа одам боғлаганини пайқади. Танасидаги игна изларининг жойлашуви ҳам шубҳали кўринарди. Адам ўнгақай бўлса-да, игна унинг ўнг билагига санчилганди. Бироқ полиция тергов ишларини олиб боришни рад этди ва Кевин ишни ўз қўлига олди.
У суриштирувни узоқдан, тўғридан-тўғри Лас-Вегасдан туриб олиб борди. Митник кучли компьютер сотиб олди, телефон тармоғига уланиб, акасининг барча дўстлари ва танишларининг телефонларига уланди. Кейин у Лос-Анжелес полициясининг серверини бузиб очиб, у ерда гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликдан азият чекаётган одамлар ҳақидаги махфий маълумотларни юклаб олди. Шундай қилиб, Кевин Митник яна хакерликка қайтди.
Митник яқин қариндошларидан бири Адамнинг ўлимида иштирок этганини аниқлади. У тасодифан Адамга ҳаддан ташқари кўп дозада укол қилган ва жиянининг жасадини кўчага ташлаб кетган эди. Буларнинг барчаси тақдирнинг яна бир зарбаси эди. Шундан кейин хакер ўзини бошқара олмай қолди.
Кўп ўтмай Кевин Митник яна PacBell тизимига хакерлик ҳужумини амалга оширди ва бу яна давлат идораларининг ғазабини келтирди. Унинг жойлашган ери тўғрисида маълумот берган одамга ФҚБ бир миллион долларни мукофот ваъда қилди. Бутун мамлакат бўйлаб унинг фотосурати босилган қидирув варақалари осилди. Бироқ ҳеч ким хакерни топа олмади.
Компьютер даҳолари жанги
Шундай бўлса-да, хакер охир-оқибат полиция қўлига тушди. Қизиқ жиҳати шундаки, бу сафар унинг қўлга олиниши Митникка рақобатчи бўлган яна бир «компьютер даҳоси» иштироки билан амалга оширилди. Кевин Митник мобил операторлар станцияларига бепул кириш учун уларнинг қурилмаларини ўрганишни бошлаган эди. Аввало, у Motorola компаниясининг станцияларига қизиқди. Шу сабабли Кевин тармоқ хавфсизлиги соҳасидаги таниқли япон мутахассиси Цутому Шимомуранинг шахсий компьютерига киберҳужум орқали кириб олди.
Шимомуранинг компьютери ҳужумни пайқаб қолди. Япониялик даҳо унга нисбатан ким хакерлик қилаётганини аниқлашга қарор қилди ва у ўйинини бошлади. У атайлаб компьютер ҳимоясидаги бўшлиқларини ёпмади. Кейинги ҳужум пайтида эса Митник интернетга кирган телефон рақамини аниқлаб олди, бу унга ҳужум амалга оширилган жойни аниқлашга имкон берди. Хакер топилди, у Шимолий Каролина пойтахти Роли шаҳрида эди.
Шимомура шахсан у ерга энг яқин рейс билан учиб келди ва Митникнинг телефонидаги сигнални топиш мақсадида икки кун шаҳар бўйлаб қўлида уяли сканер билан юрди. Кўп ўтмай қатъиятли япон ҳужум қилган шахс аэропорт яқинида жойлашган кўп қаватли уйда жойлашганини билиб олди. Шундагина Шимомура ФҚБга қўнғироқ қилди.
1995 йилнинг 15 февралида Митникнинг хонасига қўлга олиш гуруҳи кириб келди ва уни ҳибсга олди. Митникни қўлга олиш жараёнида хонада ФҚБ агентлари билан бирга Шимомура ҳам боре ди. У ўзининг жуда ақлли ғалабасини нишонлаётган эди. Кейинчалик Шимомура «биринчи рақамли хакер»ни қандай ов қилгани ҳақида бутун бошли китоб ёзди. Бир неча йил ўтгач, унинг мотивлари асосида Operation Takedown бадиий фильми суратга олинди.
Тўғри йўлга қайтиш
1996 йилда Калифорния марказий округ суди Кевин Митникни олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди. Судланувчи фирибгарликда, махфий маълумотларга рухсатсиз киришда, телефон орқали суҳбатлар ва электрон почталарни ноқонуний ушлаб олишда, давлат компьютер тизимларини бузишда ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилди.
Кевин Митник қамоқдан чиққанидан сўнг хакерлик ютуқлари ҳақида бир нечта китоб ёзди. Кейин у ўз IT-компаниясини ташкил қилди ва ҳозирда компьютер хавфсизлиги бўйича дунёнинг энг йирик компанияларига маслаҳатлар беради.
Изоҳ (0)