Хоразмда МИБнинг Янгиариқ тумани бўлими автоҳалокатга учраган фуқаро фойдасига ҳайдовчидан 29 миллион сўм ундириб берди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган фуқаро З.Маматризаева хизмат зарурати билан Янгиариқ туманига етиб келиш мақсадида Урганч—Янгиариқ йўналишида С.Юсупов бошқарувидаги Cobalt’да кетаётганида ҳайдовчининг қўпол хатоси туфайли ЙТҲ содир бўлган.
Оқибатда машинада бўлган бошқа йўловчилар қатори З.Маматризаева қаттиқ шикастланиб, оғир аҳволда Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ўтказилган тиббий муолажалар натижасида З.Маматризаева қайта оёққа турган ва касалхонада даволаниш вақтида бирон марта хабар олмаган С.Юсуповнинг қилган ҳаракатлари натижасида ўзига етказилган зарарларни ундириш мақсадида судга мурожаат қилган.
Суд қарорига асосан, автоҳалокат натижасида фуқаро З.Маматризаевага етказилган, яъни йўқотилган иш ҳақи учун 10,4 миллион сўм, дори-дармон сотиб олиш харажатлари учун 9,1 миллион сўм ҳамда маънавий зарар учун 10,0 миллион сўм, жами 29,4 миллион сўм С.Юсуповдан ундирилиши белгиланган.Мазкур суд қарори бўйича қарздор С.Юсупов Бюро ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик учун турли хил алдов йўлларини қилиб, ҳар хил баҳоналар излаган.
Бироқ суднинг қарорини тўлиқ бажариш мақсадида МИБнинг Янгиариқ тумани бўлими давлат ижрочилари ўз ваколатлари доирасида З.Маматризаеванинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, ҳайдовчидан унинг фойдасига 29,5 миллион сўмни тўлиқ ундириб берган.
Изоҳ (0)