11 февраль, сешанба куни, Тошкентнинг Яшнобод туманида аёлларга мўлжалланган «Кунлик ишчилар маркази»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.
ЎзАнинг ёзишича, маросимда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузурида филиал шаклида ташкил этилган мазкур шохобчада ишчиларни ёллаш ва уларни бир марталик иш билан таъминлаш учун барча қулайликлар мавжуд бўлиб, унда кўрсатиладиган барча хизматлар бепулдир.
Хусусан, асбоб-ускуналарни ижарага бериш тизими, арзонлаштирилган овқатланиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилган. Маданий ҳордиқ чиқариш учун имкониятлар (кутубхона, шахмат-шашка тахталари) яратилган. Кўрсатилаётган хизматлар давлат томонидан кафолатланади.
Хориж тажрибасини ўрганган ҳолда марказда вақтинчалик иш билан таъминлашда аутсорсинг ва аутстаффинг хизматлари йўлга қўйилган.
Изоҳ (0)