Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими матбуот котиби Мирзоҳид Ботировга тегишли экани айтилаётган ёзишмаларнинг нусхаси (скриншот) тарқалгани ҳақида хабар берилган эди.

Унда Мирзоҳид Ботиров ўзига таниш ва анча синашта бўлган бошқа фойдаланувчи билан «дилдан суҳбат» қургани англашилади. Ҳақорат-у уятсиз гапларга тўла ёзишмаларда гап айланиб, блогерларга тақалган пайтда матбуот котиби «...осмонга чиқаётган блогерни жойини кўрсатиб қўйгани»ни алоҳида таъкидлаб, «15 кунда мулла бўлгани»га урғу беради. Шунингдек, ёзишмаларда ўша блогер «асакалик» экани, «ҳоким тиқ» дегани учун «тиқилгани»ни ёзиб бўлмас ҳақоратлар билан баён қилинади.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Мирзоҳид Ботировнинг аккаунти хакерлик ҳужумига учраганини хабар қилган. Андижон вилояти прокуратураси эса мазкур ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган эди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Хабар берилишича, Андижон вилояти ҳокими матбуот котиби Мирзоҳид Ботировга тегишли экани айтилаётган ёзишмалар юзасидан тергов-текширув ҳаракатлари ўтказилиши лозимлигини ҳисобга олган ҳолда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) ва 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти прокуратураси томонидан маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон вилояти ҳокими матбуот котиби Мирзоҳид Ботировга тегишли экани айтилаётган ёзишмалар юзасидан терговолди текширув ўтказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилиши лозимлигини ҳисобга олинган ҳолда Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан Андижон вилояти ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши юзасидан тергов Андижон вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Аввалроқ Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қошқаровага нисбатан у Андижон шаҳар ҳокимлигининг расмий Telegram канали орқали журналист-блогер Хуршид Далиевни ҳақорат қилиб, унга нисбатан туҳмат қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) билан маъмурий иш қўзғатилгани ва иш судга оширилгани ҳақида хабар берилган эди. Суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан Гулшаной Қошқаровага узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги 5 миллион 575 минг сўм жарима жазоси тайинлаган эди.