Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Хитойнинг Ухань шаҳридан жаҳон бўйлаб тобора тарқалиб бораётган коронавирус ҳақидаги хабарлар фонида ўзбекистонликлар орасида ниқоб тақиб юриш кўпаймоқда. Бу эса табиийки Ўзбекистонда тиббий ҳимоя ниқобларига бўлган талабни ошириб юборди.

Ниқобга бўлган талаб, етишмовчиликлар ва қимматлаб кетиши сабабларини ўрганиш мақсадида «Дарё» мухбирлари Тошкент шаҳрида жойлашган бир нечта дорихона ходимларидан изоҳ олди.

Асосан чет эл фуқаролари сотиб олмоқда

Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган дорихоналардан бирининг фармацевтига кўра, вирус ҳақида шов-шувлар кўтарилишидан бир кун аввал ҳам тиббий ниқоб 500 сўмдан сотилган: «Очиғи, коронавирус ҳақида хабарлар кўпайгандан бери шунақа қиммат сотилиш бошланди. Чунки талаб катта. Мактабларда ҳам маска билан юриш талаб қилиняпти. Шу сабабли ҳам болалар кўп сотиб оляпти».

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Бошқа бир дорихонада «Маскаларни мактаб ўқувчилари тақиш шарт қилиб қўйилганидан кейин асосан ота-оналар харид қилмоқда», шунингдек, «Ёнимизда болалар шифохонаси бор. У ерга ҳам ниқобсиз киришга рухсат йўқ. Шу боис, болаларга ота-оналари ниқоб олишга мажбур бўляпти. Тополмаса, шарфни боғлаб кириб чиқишяпти», — деб изоҳ берди ходим.

«Дори-дармон» жамиятининг фарм-маркет бўлими бошлиғи Орифхон Боқибоев «Дарё» билан суҳбатда талаб катта бўлгани учун жамият дорихоналар тармоғида ниқоблар тез тугаб қолаётганини, талабни кўриб фармацевтикадан хабари бўлмаган одамлар ҳам ниқоб олди-сотдисига аралашаётгани ҳақида маълум қилган. «Ниқоб арзон сотиладиган дорихоналардан йиғиб олиб, ташқарида қимматроққа сотилаётган ҳолатлар ҳам бўлмоқда», — дейди Орифхон Боқибоев.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Олмазор туманидаги яна бир дорихона ниқобларни кўпроқ корхоналар улгуржи харид қилаётгани, маҳаллий аҳоли вакиллари эса биттада кўпи билан 10—15 та олаётганини билдирди.

Нархлар бир неча бор қимматлаган

Маълум бўлишича, Тошкентдаги бир дорихона кунига 100 тадан 700 донагача ниқоб сотмоқда.

«Коронавирус эпидемияси тарқалмасидан олдин кунига 15—20 дона ниқоб сотардик. Охирги бир ой ичида эса суткасига 500 тагача сотаяпмиз. Талаб ортгани сари ниқоблар нархи ҳам кун сайин қимматлашмоқда. Шу кунларда бизга фирмалар томонидан 1500 сўмдан етказиб берилаётган ниқобларни харидорлар 1800 сўмдан олиб кетишяпти. Баъзи жойларда ҳатто 3000 сўмдан ҳам сотилаётганини эшитяпмиз. Аввал 200—300 сўмдан олиб, 500 сўмдан сотардик. Коронавирус сабабли фирмалардан юқори нархларда қабул қиляпмиз, иложсизмиз», — дейди дорихона ходими.

«Дори-дармон» вакили Орифхон Боқибоевнинг таъкидлашича, бозор иқтисодиётидан келиб чиқилганда, нимага кўпроқ талаб бўлса, шу нарса қимматлашади: «Бир ҳафта аввал бизнинг тизимдаги дорихоналарда тиббий ниқоблар 800 сўмдан сотилди. Авваллари 500 сўмдан сотардик. Ҳозирги кунда эса 1250 сўмдан сотяпмиз. Ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи нархни кўтариб юбормоқда. Бу аҳолида ҳам эътирозлар уйғотмоқда, чунки кеча 1000 сўмдан сотган нарсамизни бугун 1250 сўмдан сотсак, ‘Нега бундай, нима асосда нархларни кўтариб қўймоқдасизлар?’ дея эътирозли саволлар берилмоқда».

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Авваллари бир марталик ҳаворанг, пушти рангли ниқоблар 500 сўмдан, қоралари 2 баробар қиммат — 1000 сўмдан сотиларди. Ҳозир 1500 сўмдан сотяпмиз. Докали ниқоблар материалига қараб, 1500 дан 15 000 сўмгача сотиляпти», — дейди Чилонзор туманидаги дорихоналардан бирининг фармацевти.

Яна бир дорихонада талаб кўпайгани сабаб дорихоналар ниқоб нархини ошириб юбораётгани ҳақидаги гапларни рад этди: «Чунки ҳар бир дорихона маҳсулотларга 20 фоиздан ортиқ қўйиб сотиши мумкин эмас. Жавобгарлиги бор. Шунинг учун биз ўз меъёрида сотаётгандик. Лекин бизда ҳам ниқоблар тугади».

«Ҳавони яхши тозалаб, ўтказадиган қиммат нархдаги ниқобларни кўпчилик сўраб келмоқда. Аммо бизда ундан йўқ. Фақат 1800 сўмлик оддий ниқобларни сотяпмиз», — деди бошқа бир дорихона вакили.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Олмазор туманидаги яна бир дорихона ходимига юзлаганимизда, ниқоблар аввалгига нисбатан анча қиммат сотилаётганини билдирди: «Докали ниқоблар 1500 сўмдан эди. Талаб кучайгандан бери 2000 сўмдан сотиш бошланди. Тобора ниқобга талаб ошганидан ва кўп жойда йўқлигидан нархи кўтарилиб кетяпти. Ўтган ҳафта жуда кўпчилик сўраб келганди. Ҳозир унчалик эмас. Эшитишимча, ҳатто исириқнинг ҳам нархи ошиб кетибди».

Кўплаб дорихоналарда ниқоб қолмаган

Дорихона сотувчиларининг кўпчилиги ниқоблар қолмагани ва бунга бир неча кун бўлганини айтиб ўтди.

«Уч кундан бери ниқоблар келмаяпти, тополмаяпмиз. Доимий етказиб берувчи фирмаларда ҳам йўқ экан. Билишимча, 99 фоиз ниқоблар Ўзбекистонга Хитойдан импорт қилинади. Коронавирус сабаб Хитой ҳозир ўз аҳолисини ниқоб билан таъминлай олмаяпти. Сотганларини ҳам яна ўзига қайтариб оляпти. Дори сотувчи фирмалар бизга бергандан кўра, хитойликларга 5—6 баробар сотишни афзал биляпти, шекилли. Шунинг учун кўп дорихоналарда ниқоб қолмаган. Борлари ҳам ошириб сотиляпти», — дейди Олмазор туманида жойлашган дорихона ходими.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Олмазор туманида жойлашган болалар шифохонаси олдидаги дорихона фармацевтига кўра, дорихона ҳамма ниқобларни сотиб бўлган. «Етказиб берувчилар 1200 сўмдан бераман, деяпти. Кейин ‘ўтармикин’, деб ўйланиб турибман. Битта одамга 5 тадан кўп сотмаяпмиз. Ўқитувчилар 50—60 талаб олиб кетмоқда. Ўртача 1000 сўмдан сотилса, одамларга фойдалироқ. Минг сўмдан ҳам сотишмоқда, лекин сифатини кўриш керак. 800 сўмлигини кўрдим, аммо у жуда сифатсиз ва юпқа матодан ишланган экан».

Тошкентнинг янги ТошМИ ёнида жойлашган дорихоналардан бирининг ходими шундай деди: «Сўнгги пайтларда асосан Ҳиндистон, Туркия ва Кореяда ишлаб чиқарилган «маска»лар сотяпмиз. Ўзбекистон маҳсулотлари эса бизга етиб келмаяпти. Эшитишимизча, барчаси экспорт қилиняпти экан. Бизда ҳам ниқоблар бир ҳафта олдин тугаган. Фирмалар етказиб беролмаяпти. Фирмалардан сўраяпмиз. Лекин улар ҳам ҳали олиб келмадик, деб жавоб беришяпти. Балки яқин ўртада келиб қолар. Бир ҳафтадан бери ниқоблар келишини кутяпмиз».

Фойдаланиш нормаси қандай?

«Дори-дармон» жамиятининг фарм-маркет бўлими бошлиғи Орифхон Боқибоевнинг айтишича, ниқоблар фақат ранги билан фарқланади, холос. Одамларни тиббий ниқоблар тақишга бўлган қизиқишини ошириш учун ишлаб чиқарувчилар уларни рангли қилиб ишламоқда.

«Бир марталик ниқобларни 3 соатгча тақса бўлади, докалини эса ювиб қайта ишлатиш мумкин. Бир марталик ниқобларнинг ҳаво ўтказувчанлиги яхши бўлмаганлиги учун нафас олиш қийинроқ. Докали ниқобларда эса аксинча ҳаво яхши айланади. Кечгача битта ниқобда юриб бўлмайди, вақти билан алмаштириб турилиши керак. Бир марталик ниқобнинг ҳам тури кўп. Қандай матодан тайёрланганига қараб турларга бўлинади, яъни фойдаланган материалнинг қалинлиги ва ҳаво ўтказувчанлигига боғлиқ. Докадан қилинган ҳимоя ниқобини совун билан ювиб, қуригандан сўнг дазмоллаб, яна қайта фойдаланиш мумкин», — деди Орифхон Боқибоев.

Тиббий ниқоблар нархини оширган дорихоналар ёпилади

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида дорихоналарда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланган улгуржи ва чакана савдо устамаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишини маълум қилиб, фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибига, лицензия талаблари ва шартларига қатъий риоя қилишни сўраган.

Маълумот учун, Хитойда тарқалган коронавирусдан вафот этганлар сони 565 кишига етиб, касалланганлар сони 28 минг кишидан ошиб кетди. Ҳозирча инфекциядан тузалган беморларнинг сони 911 кишини ташкил қилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистонда инфекция аниқланмагани ҳақида маълум қилди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Трамп АҚШ конституциясини бекор қилишга чақирди
Маслаҳатлар
Саратонга қарши ва иммунитет учун фойдали: «Холодец» тайёрлаш учун 5 та сабаб
Дунё
Долларнинг қадрсизланиши оқибатида олтин нархи ошиб бормоқда