Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавируснинг глобал хавфини баҳолаш билан боғлиқ ҳужжатларда хатога йўл қўйилганини ва у қайд этилганидек ўртача эмас, юқори эканини тан олди. «Коммерсантъ»нинг хабар беришича, бу ҳақда ташкилотнинг 26 январь куни эълон қилинган вазият ҳақидаги ҳисоботида келтирилди.
Ҳужжатда айтилишича, ЖССТнинг баҳоси коронавирус тарқалиши хавфини аниқлаш бўйича ўтказилган сўнгги ҳисоботидан бери ўзгармаган. Шу вақтгача вируснинг тарқалиш хавфи Хитой учун жуда юқори, минтақавий кўламда юқори ва халқаро даражада ўртамиёна, деб ҳисоблаб келинаётганди.
«Вазиятни баҳолаш бўйича 23, 24 ва 25 январда эълон қилинган ҳисоботда глобал хавф даражаси ўртамиёна деб нотўғри кўрсатилган», — дейилади ЖССТ тушунтиришида.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойнинг Ухань шаҳрида янги коронавирус тарқалгани юзасидан дунё бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилишга ҳали эрта эканини билдирганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойдаги коронавирус эпидемиясидан вафот этганлар сони 106 кишига етди, яна салкам 1300 та янги касалланиш ҳолатлари тасдиқланди.
Эпидемия сабаб Хитойдаги умумий аҳолиси 57 миллион кишига тенг 15 та шаҳар тўлиқ ёки қисман ёпилган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин вазиятни мураккаб деб атаган. Ўзбекистонда ушбу вируснинг мамлакатга кириб келмаслиги учун чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ (0)