General Motors таркибига кирувчи Cruise компанияси 21 январь, сешанба куни ўзининг биринчи ҳайдовчисиз автомобили Cruise Origin’ни тақдим этди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Cruise Origin электр минивен бўлиб, унинг салонида йўловчилар учун мўлжалланган ва бир-бирига қарама-қарши жойлашган иккита уч кишилик ўриндиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Origin автомобили GM томонидан ишлаб чиқарилади. Машиналар эса компаниянинг Cruise такси хизмати доирасида фойдаланилади. Компания автомобиллари фойдаланувчиларнинг мобиль дастурдаги сўровидан келиб чиқиб йўналиш шакллантирган ҳолда йўловчиларни ташийди.
Тақдимот вақтида Cruise бош директори Дэн Амманнинг маълум қилишича, бундай ҳайдовчисиз электромобилда ҳаракатланиш инсон томонидан бошқариладиган таксида ёки шахсий транспортда ҳаракатланишдан арзонроқ бўлади.
Яқин вақт ичида компания машинани серияли ишлаб чиқариш бўйича режасини маълум қилади. Cruise автомобилларининг йўловчиларга қачондан хизмат кўрсатиши номаълум. АҚШ қонунлари ҳозирча рулсиз ва педалсиз машиналардан жамоат йўлларида фойдаланишни тақиқлайди.
Изоҳ (0)