Кубада 1953–1959 йилларда бўлиб ўтган инқилоб воқеалари афсоналар ва эҳтиросли романтикага тўлиб-тошган. Фидель Кастро номи дунёга маълум, афсонавий Эрнесто Че Геваранинг сурати эса бутун дунёда тижорий брендга ва норози ёшларнинг байроғига айланиб улгурган. Бизнинг давримизга келиб ҳам «Озодлик ороли», Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин оғир кунларни бошдан кечираётган бўлса-да, инқилобнинг ютуқлари ва ғояларини рад этмайди. «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов Куба инқилоби ҳақида ҳикоя қилади.
Инқилоб сабаблари
Куба инқилобининг сабабларини яхшироқ тушуниш учун бир неча ўн йиллар орқага қайтишимиз керак. Ўтган асрнинг 30-йилларида Кубанинг асосий экспорт маҳсулоти шакар эди, унинг асосий қисмини АҚШ сотиб оларди. Қўшма Штатлар, ўз навбатида, Куба иқтисодиётининг асосий сармоячиси эди.
1929–1933 йилларда дунёда вужудга келган иқтисодий инқироз Куба иқтисодиётига молиявий тушумларни кескин камайтирди, натижада даромадлар камайиб, халқнинг турмуш даражаси ёмонлашди. Вазиятдан фойдаланган Фульхенсио Батиста бошчилигидаги ҳарбий фитначилар давлат тўнтаришини амалга оширди, мамлакатда ҳокимият ҳарбий ҳукумат қўлига ўтди. Батиста армиянинг штаб бошлиғи бўлди ва сиёсий жараёнларда фаол қатнаша бошлади.
Бироқ тез орада ҳукумат ишидан норози бўлган Батиста аксилинқилоб тўнтаришини амалга ошириб, ўзига содиқ янги ҳукуматни ўрнатди ва 1940 йилда Куба президентига айланди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши Куба иқтисодиётини жонлантирди, чунки Европада шакар ишлаб чиқариш тўхтатилди. Куба бу минтақага шакар экспортини кўпайтира бошлади. Уруш тугаганидан кейин Европада шакар ишлаб чиқариш қайта тикланди. Ўзига қулай даврда вазиятдан фойдаланиб қайта тикланиб олмаган Куба иқтисодиёти кескин пасайишга юз тутди.
Урушдан кейинги иқтисодий инқироз мамлакатда ижтимоий тангликни кучайтирди. Батистанинг америкапарастлик позициясига қарши норозилик ҳаракатлари тобора кенгайиб борди, Кубада оммавий иш ташлаш ва норозилик тўлқинлари кўтарилди. 1952 йилги сайловда мағлуб бўлмаслик учун ҳар қандай ишга тайёр бўлган Батиста яна бир давлат тўнтаришини амалга оширди, натижада Кубада полиция диктатураси ўрнатилди.
Батиста режими, бир томондан, АҚШ билан муносабат ёмонлашишига олиб келган бўлса, иккинчи томондан эса бадавлат оиланинг фарзанди бўлган адвокат ва сиёсатчи Фидель Кастро Рус бошчилигидаги инқилобий фикрга эга ёшларнинг ғазабига сабаб бўлди.
Инқилоб
Куба инқилобининг бошланиши 1953 йил июль ойидан, Фидель Кастро бошчилигидаги қуролланган ёшлар отряди Сантьяго-де-Куба шаҳридаги Монкада казармасини эгаллаб олишга уринган пайтдан ҳисобланади. Ўшанда ёш инқилобчиларнинг чиқишлари муваффақиятсиз тугаган эди.
Инқилобчилар ҳибсга олинган ва судланган, Фидель Кастро 15 йилга қамалган эди. Ўша пайтда Кубада кучли норозилик ҳаракатлари бошланиб, бирлашган демократик фронтни яратиш фаол давом этаётган эди. Инқилобчиларнинг ҳаракатлари – миқёси бутун мамлакатни ларзага келтирган – 1955 йил декабрь ойидаги шакар саноати ишчиларининг умумий иш ташлашига олиб келди. Жамоатчилик босими остида Батиста 1955 йилда амнистия эълон қилишга мажбур бўлди. Шундан сўнг ака-ука Кастролар қамоқдан озод бўлиб, Мексикага жўнади ва у ерда инқилобий фаолиятни давом эттирди. Мексикада Фидель Кастро Эрнесто Че Гевара билан учрашди. Команданте Че кейинчалик Кастронинг энг яқин дўстларидан бирига айланди. Кубанинг барча ватанпарварлик ҳаракатлари «26 июль инқилобий ҳаракати» (М-26) ташкилотига бирлашди.
Бир пайтлар машҳур инқилоб назариячи ва амалиётчиси Владимир Ульянов Ленин инқилобнинг учта белгисини аниқлаган эди: ҳукумат янги тизим билан бошқаришни истамаслиги, одамлар эски услубда яшай олмаслигидан келиб чиқадиган ҳокимият инқирози; инқилоб ташкилотчисининг мавжудлиги, яъни партиялар ва кенг омманинг бунга тайёрлиги. 1956 йил охирида Кубадаги вазият бу белгиларга тўла мос келар, кичкина учқун етишмай турган порох бочкаси каби эди.
Бундай учқун 1956 йил 2 декабрда Кубанинг Ориэнте провинциясига Фидель Кастро бошчилигидаги 82 та Мексика инқилобий муҳожирларини олиб келган «Гранма» яхтасининг келиши бўлди. Улар қирғоқда ҳукумат қўшинлари томонидан кутиб олинди, аммо исёнчилар катта йўқотишларга дуч келган бўлса-да, тўлиқ ҳалокатдан қочиб, Сиерра-Маэстра тоғларига яширинишга муваффақ бўлди. Аҳоли кўмаги ва Батиста армиясининг норози аскарлари туфайли М-26 ҳаракати кучайиб, 1957 йил март ойидаёқ президент саройини эгаллаб олишга уриниш бўлиб ўтди. 1957 йил августда мамлакатни М-26 ҳаракати ва Куба халқ социалистик партияси бошчилигидаги оммавий норозилик чиқишлари қамраб олди ва 1958 йил март–апрель ойларида ушбу ғалаёнлар яна муваффақиятли такрорланди.
Вазият Батиста диктатурасининг назоратидан бутунлай чиқиб кета бошлади. 1958 йил ёзида Кубада фуқаролар уруши бошланди. Че Гевара бошчилигидаги қуролли кучлар Лас-Вильяс провинциясига бостириб кирди ва йил охирида Фидель Кастро бошчилигидаги исёнчи армия аҳолининг фаол кўмаги билан мамлакатнинг деярли барча қисмини озод қилди.
1958 йил 31 декабрь куни диктатор Батиста қаршиликни тўхтатиб, Кубани тарк этди. Эртаси куни Фидель Кастро бошчилигидаги исёнчи армия Сантьяго-де-Кубага тантанали кириб келди ва халқ томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди. Че Гевара қўмондонлиги остидаги исёнчилар отряди Гаванани эгаллаб олди. Инқилоб Батистанинг диктаторлик режимини йўқ қилиш ва унга содиқ армия бўлинмаларининг бир неча қаршилик марказларини бутунлай бостириш билан якунланди.
1959 йил февраль ойида Кубада инқилобий ҳукумат иш бошлади, унда Фидель Кастро бош вазир бўлди ва Куба инқилобий демократик ўзгаришлар даврига кирди.
Воқеалар бошқача бўлиши мумкинмиди?
Мумкин эди. Фульхенсио Батиста тўнтаришлар ҳақида кўп нарса биларди ва улардан қўрқиш учун унда сабаб бор эди. Унинг ўзи биринчи марта 1933 йилда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олган ва 1940 йилдаги сайлов натижасида президентликка сайланган эди.
Батиста музокара қилишни биларди. Унинг қўли остида Куба Гитлерга қарши коалицияга қўшилди, бир неча минг кўнгилли кубалик Иккинчи жаҳон урушининг турли жабҳаларида қатнашди, қолаверса, оролнинг АҚШ ва СССР билан муносабатлари дўстона ва илиқ эди. 1944 йилда Батиста сайловда ютқазди ва саккиз йил сиёсатдан кетди.
У 1952 йилда қайтиб, тўлақонли ҳарбий диктаторга айланди. Биринчи қилган иши хавфсизликни кучайтириш баҳонасида мамлакатнинг амалдаги Конституциясини бекор қилиш бўлди.
Муҳим факт – Батиста амалга оширган тўнтаришдан сўнг АҚШ президенти Гарри Труман дарҳол унинг қонунийлигини тан олди. Бу ажабланарли эмас. Кейинги тўлиқ бўлмаган етти йил давомида Куба ва АҚШ дўст ва шерик бўлди. Америка бизнеси учун Кубага эшиклари очиқ эди. Батистага ким билан муомала қилиш мутлақо аҳамиятсиз эди. Сиёсатчими ёки жиноят оламининг қиролими фарқи йўқ, муҳими пул тўласа бўлди. Гавана шаҳри Кариб денгизининг Лас-Вегасига айланди, бутун қимор бизнеси Америка мафияси томонидан бошқарилди, бу ҳатто «Чўқинтирган ота – 2» фильмида акс этган. Америка мафияларининг энг йирик намоёндалари Лаки Лучиано ва Мейер Ланскилар Гаванада казинолар очиш учун мамлакатга катта сармоя киритган эди.
Америка капиталининг Куба иқтисодиётига тўғридан тўғри инвестициялари бир миллиард доллардан ошганига қарамай, оддий аҳолининг аҳволи яхшиланмади. Улар камбағал, саводсиз ва носоғлом эди. Батиста доимий равишда янги ҳарбий солиқларни жорий этди. Қисқаси, кубаликлар 26 июль ҳаракатини қўллаб-қувватлаши учун бир неча ўн сабаб бор эди.
Кастро сиймосидаги хавфни куртаклигидаёқ йўқ қилганида, Батиста ғалаба қозониши мумкин эди. Нега Фиделни амнистия асосида озод қилгани ҳозиргача номаълум. Эҳтимол, Батиста унда жиддий хавфни кўрмагандир. Оролга исёнчилар кемаси сузиб келган пайтда «Гранма»ни ушлашга уриниш ҳам муваффақиятсиз тугади. Бунда Батистага ҳатто авиация ёрдам бермади. Қўзғолончиларнинг аксарияти ҳалок бўлди, аммо ҳаракат етакчилари омон қолишди. Келажакда диктатор ҳақиқатан ҳам Американинг ҳарбий ёрдамига умид қилди, аммо Вашингтон Кубага қўшин юборишга тайёр эмас эди. Америкалик «дўстлар» Батистага асосан «қимматли маслаҳатлар» берди холос.
Натижа
Батиста АҚШ билан дўстликнинг фойдалари тўғрисида яхши биларди. Вьетнам уруши давридаги иқтибосларни эсга олсак, бу классик «ўзимизнинг аблаҳ» эди. 1959 йилги инқилоб том маънода ғарбий ярим шарнинг шимолий қисмини портлатди. АҚШдан унча узоқ бўлмаган жойда ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий усуллар билан йўқ қилинмайдиган коммунизмнинг мустаҳкам пойдевори пайдо бўлди.
Инқилоб орқали Куба Москва томон ҳал қилувчи бурилишни амалга оширди. Бироз вақт ўтгач, совет ҳукумати стратегик ракеталарини оролга қўйиб, Кубани кўприк сифатида ишлатишга ҳаракат қилди. «Кариб инқирози» деб ном олган бу воқеа, ўз навбатида, инсониятни ядровий уруш ёқасига олиб келди. Лекин бу энди бошқа мавзу.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)