Бундан 29 йил олдин – 1991 йил 17 январь куни АҚШ қуролли кучлари бошлаган «Саҳродаги бўрон» операцияси натижасида Саддам Ҳусайн Ироқ қуролли кучларини илгари эгаллаб олинган Кувайт ҳудудидан олиб чиқишга мажбур бўлди. Шу тариқа Ироқ – Кувайт уруши якунланди. «Саҳродаги бўрон» амалиёти ёрдамида АҚШ ва халқаро коалиция кучлари Саддам Ҳусайн қўшинини мағлубиятга учратиб, Ироқ ҳудудига бостириб кирди. Айнан Ироқ – Кувайт уруши туфайли бошланган ҳарбий операция биз ҳозирда Яқин Шарқда кузатаётган тартибсизликларнинг илк шамолларидан бири эди. Орадан қариийб 30 йил ўтган бўлса-да, Яқин Шарқ гўёки бузилган ари уясидай ҳали ҳам ўзига келгани йўқ. «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов ари инини қўзғатган ўша машҳур операция ҳақида ҳикоя қилади.
Кувайтнинг «ширин кулча»га айланиши
Инглизлар билан тўқнашишдан қўрқиб қўшинини Кувайтга юборишга журъат этмаган Усмонлилар султонининг норозилигига қарамай, 1897 йилга келиб Кувайтда Британия империясининг ҳарбий-денгиз базаси жойлашиб улгурган эди. Британия ўша вақтлардан бошлаб кичик Кувайтнинг ташқи сиёсатдаги асосий ҳомийси бўлди. 1899 йил 23 январда имзоланган битимга кўра, Буюк Британия Кувайтнинг ташқи ва ҳарбий ишларини зиммасига олди. 1913 йил 27 октябрда Кувайт ҳукмдори Муборак Британияга амирликдаги нефть конларини ўзлаштиришга монополия берди. 1914 йилдан бошлаб эса Кувайт «Британия протекторатидаги мустақил князлик» мақомини олди.
1961 йилгача Британия аскарлари Кувайтда қолишган ва 1961 йил 19 июнда Кувайт сиёсий мустақиллик эълон қилганидан кейингина олиб чиқиб кетилган. Бу вақтга келиб нефть қазиб олишнинг ривожланиши Кувайтга жадал иқтисодий ўсишни таъминлади. Шу билан бирга, бойиб кетаётган кичкина Кувайт қўшни Ироқ учун «ширин кулча» бўлиб кўрина бошлади.
Эрон–Ироқ уруши
Аслида 1963 йил 4 октябрда Ироқ Кувайтнинг мустақиллигини тан олган ва ҳатто Кувайт Ироққа катта миқдорда қарз ҳам берган эди. Аммо 1968 йилда Бағдод ҳокимиятига БААС партияси қайта тикланганидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар мураккаблашиб кетди.
Кувайт–Ироқ чегарасида кичик тўқнашувлар келиб чиқа бошлади. 1973 йилда Ироқ ва Кувайт қўшини ўртасида катта қуролли тўқнашув бўлиб ўтди. 1977 йилда Ироқ Кувайт билан чегарасини ёпди. 1977 йил июль ойида муносабатлар нисбатан мўътадиллашди.
1980 йилда бошланган Эрон–Ироқ урушида Кувайт Ироқни қўллаб-қувватлади (Кувайт монархи Эрондаги ислом инқилоби ғояларини Форс кўрфазидаги араб монархияларига ёйилишдан қўрқарди). Теҳронга қарши катта ҳарбий кампания молиялаштирилиши кераклиги сабабли Кувайт томони Бағдодга катта миқдорда кредит ҳам берди. Шуни таъкидлаш жоизки, Эрон–Ироқ уруши даврида расмий Бағдодни Совет Иттифоқи ва Ғарб мамлакатларидан ташқари Форс кўрфазидаги сунний монархиялар, шу жумладан Кувайт ва Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлаган. Эрон–Ироқ уруши саккиз йил давом этиб, икки мамлакат учун катта йўқотишларга ва иқтисодий зарарларга сабаб бўлди.
Орадан икки йил ўтгач, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн яна тажовузкор риторикага қайтди – бу сафар у қўшни Кувайтни кўз остига олди.
Ҳақдорни йўқ қилсанг, қарздор эмассан
1990 йилга келиб дунё бозорларидаги нефть нархи сезиларли даражада пасайиб, Ироқнинг иқтисодий фаровонлигига ёмон таъсир кўрсата бошлади. Саддам Ҳусайн Форс кўрфази давлатларини нефть қазиб олишни кўпайтирганликда ва шу орқали нархларни пасайтиришга ёрдам берганликда айблади. Шу билан бирга, иқтисодий инқироз шароитида Форс кўрфази мамлакатлари нефть қазиб олишни кўпайтириши Ироққа йилига камида миллиард доллар зарар этказишини таъкидлади. Бундан ташқари, Бағдод Кувайтдан 14 миллиард доллар қарздор эди; бу давлатнинг аннексия қилиниши қарзни тўламасликка имкон берарди.
Ироқ ва Кувайтнинг можаро арафасидаги ҳарбий салоҳияти, шубҳасиз, нотенг эди. Мудофаа харажати Ироқ давлат бюджетида ҳамиша муҳим ўрин эгаллаган. 1990 йилга келиб Ироқ дунёдаги энг катта армиялардан бирига эга бўлди. Мамлакат қуролли кучлари 1 миллион аскардан иборат эди (аҳоли 19 миллион кишини ташкил этарди). Деярли ҳар йигирманчи ироқлик ҳарбий хизматда бўлган. 1990 йил июли охирида Ироқ армиясининг 120 мингга яқин қўшини ва 350 га яқин танки Кувайт чегарасида тўпланди. 1990 йил 2 август куни соат 02:00 да Ироқ армияси Кувайтга бостириб кирди.
АҚШ хавотири, СССР қаерда?
Ироқ истилосининг дастлабки кунларидаёқ Кувайт босиб олинишига дунё ҳамжамияти кескин муносабат билдирди. Энг катта хавотир АҚШ раҳбариятида эди, чунки Кувайт босиб олинса, Ироқ қўшини Саудия Арабистонига бостириб кириши эҳтимоли бор эди.
2 августда АҚШ Президенти Катта Жорж Буш мамлакат қўшинини Форс кўрфазига юборишга қарор қилди. Ироққа қарши қурол-яроғ этказиб бериш бўйича эмбарго жорий қилинди, унга ҳатто Совет Иттифоқи ҳам қўшилди. 1990 йил 4 августда Ироққа қарши қурол эмбаргосини Хитой ҳам қўллаб-қувватлади. 8 августда Жорж Буш Саддам Ҳусайндан қўшинни зудлик билан – музокарасиз ва ҳеч қандай шартсиз Кувайтдан олиб чиқиб кетишини талаб қилди. Шу куниёқ АҚШ қуролли кучларининг 82-сонли ҳаво-десант бўлинмаси Саудия Арабистонига келиб қўнди. Ўз навбатида, Ироқ ҳам ўзиники деб ҳисоблаётган ҳудудни ҳимоя қилишга тайёрлана бошлади. Жумладан, Кувайтнинг Саудия билан чегара қисмида кучли ҳарбий истеҳкомлар, миналар ва танклар учун қопқонлардан иборат «Саддам чизиғи» қурила бошланди.
Эътиборли томони бири шундаки, Ироқнинг асосий ҳарбий шерикларидан бири бўлишига қарамай, Кувайт истилосидан олдин Ироқ армиясига кенг кўламли қурол-яроғ етказиб берган СССР ҳам Ироқни яккалаб қўйишда қолган мамлакатларга қўшилишга мажбур бўлди.
Дипломатия иш бермади
1990 йилнинг кузи давомида БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши «Кувайт масаласи» бўйича бир нечта резолюция қабул қилди, аммо Саддам Ҳусайн тортиб олинган ва Ироқнинг «ўн тўққизинчи вилояти» ҳисобланган Кувайтдан воз кечишни қатъиян рад этди.
1990 йил 29 ноябрда БМТнинг 12-резолюцияси қабул қилинди. Унга кўра, Ироқ муаммо бўйича аввалги барча резолюциялар талабларини бажармайдиган бўлса, вазиятни ҳал қилиш учун БМТ барча зарур воситалардан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
1991 йил 9 январда Женевада АҚШ давлат котиби Ж. Бейкер ва Ироқ ташқи ишлар вазири Тариқ Азиз ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бейкер Катта Бушнинг 1991 йил 15 январгача Кувайтни тарк этишни сўраб ёзган хатини Азизга топширди. Тариқ Азиз эса Бушнинг ультиматум кўринишидаги мактуби Ироқ учун ҳақоратли деб уни қабул қилишдан бош тортди. Ироқ ва АҚШ, шунингдек, бу масалада Американи қўллаб-қувватлайдиган Европа, Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари ўртасида қуролли можаро муқаррар экани маълум бўлди.
«Саҳродаги бўрон»
1991 йил 17 январда «Саҳродаги бўрон» операцияси бошланди. 17 январь куни тонгги соат 03:00 дан бошлаб коалиция кучлари Ироқнинг муҳим ҳарбий ва иқтисодий инфратузилма объектларига кучли ҳаво ва ракета ҳужумларини амалга оширди. Бунга жавобан Ироқ Саудия ва Исроил ҳудудларига ракета ҳужумларини бошлади. Шу билан бир қаторда, АҚШ қўмондонлиги қуруқликдаги қисмларини Ироқнинг ғарбий чегараларига ўтказишни бошлади. Ироқ томони эса тегишли авиация ва радио разведкаси йўқлиги сабабли душман қўшини кириб келаётгани тўғрисида хабардор эмас эди. 1991 йил январь ойининг иккинчи ярми ва февраль ойининг биринчи ярмида коалиция кучларининг Ироқ ҳудудига ракета ва ҳаво зарбалари давом этди.
Бу пайтга келиб урушни тугатиш учун сўнгги уринишни Москва СССР ва Ироқ ташқи ишлар вазирлари А. Бессмертних ва Тариқ Азиз учрашувини ташкил қилиш орқали амалга оширишга уриниб кўрди. 1991 йил 22 февралда совет томони сулҳ тузишнинг олтита пунктини эълон қилди. Унга кўра, Ироқ қўшини Кувайт пойтахти ҳудудидан тўрт кун давомида, умуман Кувайт ҳудудидан эса 21 кун ичида олиб чиқилади ва барча ҳарбий асирлар топширилади. Ўқ узилишини тўхтатиш ва қўшинни олиб чиқишни тинчликпарвар кучлар ёки БМТ кузатувчилари амалга оширади.
Аммо совет дипломатлари айтган бу фикрларни америкаликлар қабул қилмади. Жорж Бушнинг таъкидлашича, Саддам Ҳусайн қўшинини Кувайт ҳудудидан олиб чиқиш учун олдиндан қандайдир шартлар қўйиши БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияси шартларини бузади.
АҚШ 1991 йил 23 февралдан бошлаб Ироқ зудлик билан Кувайтдан чиқишини талаб қила бошлади, қўшинни олиб чиқиб кетишга бир ҳафта муҳлат берди. Бироқ Саддам Ҳусайн ультиматумга жавоб беришни лозим топмади. 24 февраль куни эрталаб коалиция тузилмалари Ироқ армиясига қарши 500 километр масофадаги барча алоқа линиялари бўйлаб ҳужумга тайёр эди. Вертолётлар ёрдамида 4 минг аскар ва қурол-яроғ Ироқнинг жануби-шарқига жўнатилди. Шиддатли жанглар натижасида Ироқ армияси чекинди.
26 февралда фелдмаршал Саддам Ҳусайн ватандошларга мурожаат этди. У шундай деди:
«Бугун қаҳрамон қўшинимиз Кувайтдан чиқиб кетади... Ватандошлар, мен ғалабангизни олқишлайман. Сиз 30 мамлакат ва улар бу ерга олиб келган ёвузликка қарши тура олдингиз. Сиз, Ироқнинг жасур ўғлонлари, бутун дунёга қарши чиқдингиз. Ва ғалаба қозондингиз... Бугун баъзи шароитлар Ироқ армиясини чекинишга мажбур қилди, шу жумладан, 30 та давлат тажовузи ва даҳшатли қамали туфайли биз бунга мажбур бўлдик. Аммо қалбимизда ва юрагимизда умид ва қатъият қолди... Ғалаба нақадар ёқимли!»
Аслида «ғалаба» сўзи замирида мағлубият тушунилган – Ироқ қўшини Кувайтдан чиқиб кетди.
Саддам Ҳусайннинг нутқидан кейинги кун – 1991 йил 27 февралда Кувайт пойтахтида яна давлат байроғи кўтарилди. Яна бир кун ўтгач, 28 февралда Саддам Ҳусайн сулҳ эълон қилди. Ироқ БМТнинг барча талабларини қабул қилди. 3 мартда коалиция кучлари томонидан қўлга киритилган Ироқнинг Сафван авиабазасида сулҳ битими имзоланди. Иттифоқчилар томондан коалиция кучлари қўмондони генерал Норман Шварцкопф ва араб давлатлари қўшини қўмондони шаҳзода Ҳолид бин Султон, Ироқ томондан – генерал Султон Ҳошим Аҳмад имзолади.
Уруш оқибатлари
Шундай қилиб, Кувайтни озод қилиш учун ҳарбий операция атиги тўрт кун ичида якунланди. Кувайтни озод қилиш қаторида халқаро коалиция кучлари Ироқ ҳудудининг 15 фоизини эгаллаб олди. Коалициянинг йўқотишлари бир неча юз кишини ташкил этди. Америка армияси тўғрисида энг тўлиқ статистика мавжуд – 298 киши ҳалок бўлган, улардан 147 киши жанговар йўқотишларга тўғри келади. Саудия Арабистони 44, Буюк Британия 24, Миср 14, БАА олти, Сурия икки, Франция икки нафар ҳарбий хизматчисини йўқотган.
Ироқнинг йўқотишлари, аксинча, жуда катта эди. Ғарб ОАВи ҳаво, ракета ва қуруқликдаги операцияларда 100 мингга яқин Ироқ аскари ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Албатта, бу жуда ошириб кўрсатилган. Айрим тадқиқотчилар Ироқ қўшини тахминан 20–25 минг аскар йўқотганини келтиради. Қандай бўлмасин, Ироқ армиясининг жанговар йўқотишлари коалиция кучларининг йўқотишларидан бир неча баравар кўп эди.
Америка армияси 71 мингдан ортиқ Ироқ аскарини асир олди. Ироқ армияси қурол-яроғ ва ҳарбий техника соҳасида жуда катта зарар кўрди. 319 та самолёт йўқ қилингани, яна 137 та самолёт Эронга учиб кетгани маълум. Самолётлар ва ракета ҳужумлари Ироқ ҳарбий-денгиз кучларининг 19 та кемасини йўқ қилди. Қуруқликдаги ҳарбий техникага келсак, 1 800 дан 3 700 тагача Ироқ танки йўқ қилинди, шикастланди ва иттифоқчилар томонидан қўлга киритилди.
Ироқ кучлари Кувайтни тарк этар экан, ал-Жафра ҳудудидаги нефть қудуқларига артиллерия ёрдамида ўт очиб, уларга ўт қўйиб кетди. 1991 йил февраль ойининг охирига келиб Ироқ аскарлари кунига 100 тадан нефть қудуғини портлатди. Бунга ўхшаш ҳаракатлар тарихда ҳали содир бўлмаган – Кувайтда жами 727 та нефть қудуғи ёқиб юборилган. Нефть қудуқларидаги ёнғинлар мамлакат озод қилингандан кейин ўчирила бошланди, дунёнинг 28 мамлакатидан келган 10 мингдан ортиқ ўт ўчирувчи ёнғинларни бартараф этишда иштирок этди. Охир-оқибат барча ёнғинларн бартараф этилди, аммо бунга 258 кун керак бўлди.
Якун
1994 йилда Саддам Ҳусайн ҳукумати Кувайтнинг сиёсий суверенитетини тан олишга рози бўлди, лекин бундан кейин ҳам унга нисбатан айрим ҳудудий даъволарини сақлаб қолди. Уруш Ироқнинг ўзига катта иқтисодий йўқотиш келтирди. Кейинги ўн йилликлар давомида БМТнинг махсус компенсация комиссияси Ироқдан зарар кўрган жисмоний ва юридик шахслар фойдасига 52 миллион доллар ундириб берди. Бу компенсация Ироқнинг нефть ва нефть маҳсулотлари экспортидан ушлаб қолинди.
Саддам Ҳусайн қўшини Кувайтга бостириб кириши Ғарбнинг Ироққа эътиборини кучайтирди. Айтиш мумкинки, айнан мана шу қадам Ироқ ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабат кескин ёмонлашувига олиб келди ва Саддам Ҳусайн режимига қарши секин портловчи бомбанинг вақт механизмини юргизиб юборди.
1980 йиллардаги Саддам Хусайн режими Ғарб томонидан «Яқин Шарқдаги энг мақбул куч» деб ҳисобланиб, Эрон билан тўқнашувда қўллаб-қувватланган бўлса, «Саҳродаги бўрон»дан сўнг Саддамга Ғарбнинг муносабати ўзгарди. У Ғарб пропагандасидаги уруш жиноятчилари ва қонли диктаторлар рўйхатига абадий киритилган.
Саддам Ҳусайн 2002 йилга келиб Ироқ армияси босқини учун Кувайтдан расман узр сўради. Кувайт раҳбарияти унинг узрини қабул қилмади. Саддамнинг 1990–1991 йиллардаги ишлари туфайли унинг кейинги ҳаракатлари Ғарб томонидан диққат билан ўрганила бошланди ва кескин танқид қилинди. Хусусан, у оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаришда, Ироқнинг курд ва шиа аҳолисининг геноцидида айбланди.
1998 йилда АҚШ авиацияси Ироққа нисбатан «Саҳро тулкиси» операцияси доирасида ҳаво ҳужумларини амалга оширди. 2001 йилда АҚШ президенти Кичик Жорж Буш Ироқни халқаро терроризмни қўллаб-қувватлашда айблади. Бунга 2001 йил 11 сентябрдаги террор хуружи туртки бўлди. 2003 йилда отаси бошлаган ишни мантиқий якунига етказиб қўйишни хоҳлаган Кичик Буш бошчилигидаги АҚШ иттифоқчилар кўмагида халқаро меъёр ва қоидаларга зид равишда Ироққа бостириб кирди. Аммо бу энди бошқа ҳикоя…
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)