Ўзбекистон фуқароси 23 ёшли Икромжон Абдиқулов Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир этди, деб хабар берди «Fontanka.ru».
Икромжон ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлигига қарамай «Yandex.Тахи» белгиси ёпиштирилган машинани ноқонуний тарзда бошқарган. У трассада чегараланган тезликни икки бараварга оширган. Ҳодиса оқибатида таксининг икки йўловчиси ҳалок бўлган. Яна бир 19 ёшли қиз юзидан жароҳат олган.
«Ҳайдовчи машина бошқарувини бошқа шахсга топширган. Бу хизмат қоидаларининг қўпол равишда бузилишидир. Барча ҳолатларга аниқлик киритилгунига қадар, бизнинг буюртмалардан бутун таксопаркни ўчирдик, унда текширув ишлари олиб борилади. Зарар етказилган такси йўловчилари ва уларнинг қариндошлари, бизнинг суғурта дастуримиз томонидан тақдим этилган тўловларни олишади. Ҳозирги пайтда бизнинг қўллаб-қувватлаш маркази оилалар ва суғурта компанияси билан боғланишмоқда», — дейилади «Yandex.Тахи» матбуот хизматининг «Дарё»га берган расмий изоҳида.
Икромжон Абдиқуловга нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик юзасидан жиноят иши Санкт-Петербургнинг Ленинский туман судида рўйхатга олинган.
Изоҳ (0)