Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургдаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Александр Шишловга Виборг тумани давлат ва муниципал хизматлар кўрсатиш маркази ходимаси устидан шикоят билан мурожаат қилди, деб ёзади Abnews.
У бошқа миллатга мансублиги сабабли ўзига хизмат кўрсатишдан бош тортган давлат ва муниципал хизматлар кўрсатиш маркази ходимасининг нолойиқ хатти-ҳаракатлари ҳақида хабар берди.
«Инспектор С. бепарволик қилиб, аризани ўйлаб топилган сабабга кўра рўйхатдан ўтказишдан бош тортди ва қўполлик билан паспортим ҳамда ҳужжатларимни менга отиб юборди», — дейилади Омбудсменга мурожаатда.
Ўзбекистон фуқаросининг қўшимча қилишича, бошқа инспекторни кутишга мажбур бўлган ва у қоғозлар тўғри тўлдирилганини текширгандан сўнг ўз ишини бажарган.
Александр Шишлов мурожаатда кўрсатилган маълумотларни текшириш ташаббуси билан чиқди. Санкт-Петербургдаги инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакилнинг сайтидаги хабарда айтилишича, текширувдан сўнг давлат ва муниципал хизматлар кўрсатиш маркази ходимасининг номақбул хатти-ҳаракати тасдиқланган, у интизомий жавобгарликка тортилган.
Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун марказ раҳбарияти ходимларга муомала маданияти ва меъёрларига риоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтди, шунингдек, инсон қадр-қимматига ҳурматсизлик қилиш мумкин эмаслигига урғу берди.
Изоҳ (0)