10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов бош котиб Отаназар Орипов бошчилигидаги «Эрк» мухолифат партияси вакилларини қабул қилган. Бу ҳақда «Gazeta.uz» нашри хабар берди.

Фото: «Озодлик»

Аввал «Озодлик» радиоси учрашув ўтказилиши ҳақида хабар тарқатганди. Отаназар Орипов билан бирга Аъзам Турғунов, Саловат Умрзоқов, Ҳамидулла Нурматов ва Санжарали Имомов ҳам вазир қабулида бўлди.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, бир гуруҳ фуқаролар вазирликка «Эрк» партияси фаолиятини қайта тиклаш юзасидан Адлия вазири Русланбек Давлетов билан учрашув ўтказиш бўйича мурожаат йўллаган. Адлия вазири уларни фуқароларни қабул қилиш жадвалига мувофиқ (ҳафтанинг ҳар жум куни) 10 январь санасида қабул қилган.

Аъзам Турғунов «Озодлик» нашрига берган интервьюсида Русланбек Давлетовнинг гуруҳ фикрларини диққат билан тинглагани, бироқ учрашув давомида қабулда бўлганларга партия ҳақида унутишни тавсия этганини билдирган.

«У бу партия ўтмишда қолди, энди уни унутинг. «Эрк» демократик партиясининг Устави 1991 йил 3 сентябрда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган. Бугунги кунга қадар партия бўйича суд қарори ёки унинг ёпилган ё фаоиятиниг тўхатгани ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Шу туфайли Адлия вазиридан партия фаолиятини давом эттиришимиз учун кўмак сўрадик. Бироқ вазир 1991 йилда қабул қилинган ҳужжат ўз кучини йўқотганини билдирди. Энг муҳими ҳукумат ҳамда мухолифат ўртасида мулоқотнинг қайта тиклангани. Мен ушбу мулоқотнинг қайта тикланишини қўллаб-қувватлайман. Адлия вазири охирги марта 1997 йилда «Эрк» раҳбарияти билан учрашганди», — дейди Аъзам Турғунов.

Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Фото: «Дарё»

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг қайд этишича, Русланбек Давлетов Ўзбекистон ҳудудида «Эрк» деган партия мавжуд эмаслиги ва унинг фаолиятини қайта тиклашга қонуний асос ҳам йўқлигини билдирган.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Муҳаммад ал Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказилган учрашувда сиёсий мухолифат ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашганди.

«Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман, лекин у ўзимизда шаклланиши учун муҳит яратиш керак, токи у одамлар халқнинг муаммоларини билсин, муаммоларни халқ билан енгиб ўтсин, шу ерда сув ичиб, шу ерда нон есин», — деган президент.

Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сунъий яратилган мухолифат партиясидан фойда йўқлигини айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, энг асосийси бундай партиялар ясама эмас, ҳақиқий бўлиши керак.

Шунингдек МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов ҳам 22 декабрда ўтган Олий мажлис ҳамда ҳудудий кенгашлар депутатлиги учун сайловлар вақтида халқаро кузативчиларнинг мамлакатда мухолифат партия йўқлиги юзасидан билдирган танқидига шундай жавоб қайтарганди.

«Биз мухолиф партиянинг пайдо бўлишига умид қилаяпмиз, сабаби мухолифатсиз жамиятда фикрлар қарама-қаршилиги бўлмайди. Биз холис мухолифат пайдо бўлиши тарафдоримиз ва Ўзбекистон қонунларида янги партиялар тузиш юзасидан ҳеч қандай тақиқ йўқ», – дея таъкидлаган Абдусаломов.

2018 йил апрель ойида Давлат хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонда сиёсий мухолифатга айланиши мумкин бўлган қора кучлар шаклланаётганини билдирганди.

«Эрк» ва «Бирлик» нодавлат мухолиф партия ҳамда ҳаракатлари Адлия вазирлигига мурожаат йўллагани ҳақида маълумотга эгамиз. Уларнинг асосий мақсади бугун ўз фаолиятини қонунийлаштириб, эртага мамлакатимиз тинчлигига раҳна солиш», — дея таъкидлаган ДХХ собиқ раиси.