Эронда қулаган Украина лайнери бортида бўлган одамларнинг бари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Эрон телевидениесига асосланиб, Reuters агентлиги хабар берди.

Фото: Tasnim

ОАВда пайдо бўлган илк маълумотларда самолёт бортида 180 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлгани айтилган эди. Кейинроқ аэропорт вакили «РИА Новости» агентлигига самолётда 167 нафар йўловчи бўлганини маълум қилди.

Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, самолёт жойлашуви ҳақидаги сўнгги маълумот у Теҳрон яқинидаги Паранд шаҳри устидан учиб ўтаётган вақтда олинган. МАУ сайтида Теҳрондан Киевга учган PS752 рейси маҳаллий вақт билан 5:15 да (Тошкент вақти билан 6:45 да) учиб кетгани кўрсатилган.

«РИА Новости» Эроннинг Tasnim агентлигига асосланиб хабар беришича, самолёт «техник муаммолар» сабаб қулаган. Авиаҳалокат ҳақидаги маълумотни Теҳрон аэропорти раҳбари тасдиқлаган.