Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қошқаровага нисбатан у Андижон шаҳар ҳокимлигининг расмий Telegram канали орқали журналист-блогер Хуршид Далиевни ҳақорат қилиб, унга нисбатан туҳмат қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) билан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Фото: Zarnews

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг «Дарё»га маълум қилишича, бугун, 2020 йил 6 январь куни Андижон шаҳар маъмурий судининг иш юритувига фуқаро Хуршид Далиевнинг мурожаати асосида Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси (туҳмат) ва 41-моддаси (ҳақорат қилиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланаётган Андижон шаҳар ҳокимияти матбуот бўлими раҳбари Гулшаной Қўчқоровага нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш келиб тушди.

Гулшаной Қўчқоровага оид маъмурий иш Андижон шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқиш учун 2020 йил 8 январь куни соат 11:00 га тайинланган.

Ишни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида тарафларга хабар қилинди, дейилади хабарда.