Париж яқинидаги Вильжюиф шаҳарчасида жиноятчи пичоқ билан йўловчиларга ҳужум уюштирди. Қуролли ҳужум маҳаллий вақт билан 14:00 да От-Брюйер паркида амалга оширилган. Бу ҳақда BFM TV хабар берган.
Ҳужум оқибатида тўрт нафар одам жароҳатланган, улардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган. Le Figaro’нинг ёзишича, камида икки нафар одам яраланган ва бир нафар одам жароҳатлар оқибатида вафот этган. RTL ҳам икки нафар одам яраланган ва бир нафари қурбон бўлгани ҳақида ёзган.
Ҳужум уюштирган қотил воқеа жойига етиб келган полициячилар томонидан отиб ўлдирилган. Хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари унга камида уч марта ўқ узган.
Ҳужум уюштирган эркакнинг исми Натан экани ва унинг руҳий касалликка чалинган бемор бўлгани тахмин қилинмоқда.
Жиноятчи полициянинг террорчилар электрон базасида рўйхатдан ўтказилмаган. Полициядаги маълумотларда унинг кичик жиноятлар содир этгани ҳақида ёзилган. Agence France-Presse хабарига кўра жиноятчининг уйи тинтув қилинганида у ердан динга оид материаллар топилган.
2019 йилнинг октябрь ойида пичоқ билан қуролланган шахс мамлакат пойтахти Париждаги марказий полиция идорасида тўрт нафар полиция зобитини пичоқлаб ўлдирган, кейинчалик қотилнинг бошқаларга хавф соладиган хулқ-атвор эгаси бўлмаганлиги, кар-соқов бўлгани, мудҳиш воқеага ходимлар ўртасида низо чиқиши сабаб экани тахмин қилинганди.
Изоҳ (0)