Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов Financial Times нашрига интервью берди, деб ёзмоқда «Spot». Журналнинг Lunch with the FT рукнида журналистлар бизнесменлар ва топ-менежерлар билан ресторанда бирга тушлик қилиб, суҳбат қуради.

Фото: ТАСС

Алишер Усмонов билан ФТ Москва бюроси бош муҳаррири Генри Фой Бавария Алпларидаги Тегернзее кўли бўйидаги меҳмонхонада учрашиб суҳбат қурган.

Интервью сўнгги дақиқада амалга ошмай қолиши ҳам мумкин эди. Усмонов кун оғир ўтганини билдирган:

«Ростини айтсам, ҳаётим ҳақида кўпроқ нарса билишни истасангиз, иккимиз икки шиша ароқ ичишимизга тўғри келади», дея журналистни шошириб қўйган.

Шунга қарамай интервью амалга ошди. Суҳбат бавариялик анъанавий кийинган официантлар хизмат қиладиган, классик интерерга эга беш юлдузли меҳмонхонада ўтди, дея қайд этган Фой.

Бавария анъанавий таомлари тановул қилинган ва Усмоновнинг таржимони ҳам бирга улар билан ўтирган тушлик 288 еврога айланган. Ушбу тўловнинг чорак қисмидан кўпроғи (62 евро) ароқ учун сарфланган.

«Ароқсиз ҳам суҳбат қуриб бўладими?», деган Усмонов. Фойнинг ёзишича, миллиардер «дўстлик», «танлов мустақиллиги», «спорт, дўстлар ва бебаҳо аёллар» учун қадаҳ кўтарган. Қуйида интервьюдан парчалар келтирамиз.

Олигархия ҳақида

Алишер Усмонов ҳеч қачон ўзини «олигарх» деб ҳисобламагани, ихтиёридаги бойликлар учун давлатга қарздор эмаслиги, ўз активларини бозордан харид қилганини таъкидлади.

«Мен ва менинг ҳамкорларим Россиядаги барча активларни иккиламчи бозордан харид қилганмиз ва давлат мулкини ўзлаштирмаганмиз. Бизга ҳеч ким ҳеч қачон текинга кўчмас мулк бермаган», дейди у.

Миллиардер давлатнинг ўзига кўп марта ёрдам қилганини ҳам тан олди.

«Катта бизнес, катта саноат активларини бошқариш билан шуғулланишни бошлаганимдан бери ҳукумат, давлат менга кўп жабҳада фойда келтириб, бизга кўмак берган», — дея таъкидлаган Усмонов.

Санкциялар ҳақида

Алишер Усмонов америкалик айрим сенаторлар талаб қилаётган АҚШ санкциялари остига тушиб қолиши мумкинлигидан қўрқиш ёки қўрқмаслиги тўғрисида берилган саволга бу каби таҳдидлардан асло чўчимаслиги, сабаби ҳаётда бундан-да жиддий муаммоларга дуч келганини айтиб жавоб қайтарди.

«Мен санкцияларга муносиб эмасман, шу сабабли улар қўлланилса менга оғир бўлади. Мен бу каби сиёсий масалаларга аралашмайман», деган миллиардер.

2014 йилда Қримнинг Россияга қўшиб олиниши оқибатида Усмонов USM холдингидаги улушини 58 фоиздан 48 га туширган ва компанияга ўзига нисбатан санкциялар қўлланилганида зарар етмаслигини таъминлашга уринган.

Алишер Усмоновнинг фикрича, сиёсий ва ҳарбий воситаларни бизнесга аралаштириш нотўғри қарор бўлади.

«Россия – катта мамлакат, дунё етакчиларидан бири. Ушбу давлат жаҳонда ўз обрўси учун курашиши лозим. Ҳамкорлик буни қанчалик эрта тушунса, бу борада келишувга эришиш шунча осон бўлади. Миллионлаб одамлар мен каби фикрлайди деб ўйлайман», — дейди у.

Facebook’га тиккан инвестициялари ҳақида

Алишер Усмонов Facebook’га дастлабки босқичларда инвестиция киритган сармоядорлардан бири.

«Мен ушбу компаниянинг бир кун келиб дунёнинг оёғини осмондан қилиб юборишини билардим», — деган бизнесмен.

Унинг сўзларига кўра, у ҳамкори Юрий Милнер билан бирга компанияга тўғридан тўғри 460 миллион ва фонд орқали яна 420 миллион доллар тиккан ва Facebook’нинг 8 фоиз акциясини назорат ҳам қилган. Инвестициялар Усмоновга беш баравар кўпайган ҳолда қайтган.

Мероси ҳақида

Миллиардер ўз бойликларини қариндошлари ва компаниясини бошқараётганларга бўлиб бермоқда.

«Ҳаёт абадий эмас. Кўп одамлар менга ёрдам берган. Шу сабабли ўз оилам ва менежерларимга улушларимни мерос қолдириб уларга ёрдам бермоқчиман».

Фото: Forbes

Миллиардернинг сўзларига кўра у бойлигининг 50 фоизини оиласига, қолган ярмини эса бунга муносиб бўлган менежерларига қолдиради.

«Айни вақт компанияларимда юқори лавозимни эгаллаб ўтирган инсон ўзига муносиб улушни олади. Феълим шунақа. Тақдир берган неъматлар билан бўлишиш зарур», — дейди тадбиркор.

Ўзбекистон ҳақида

Усмонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг жамоасига кўмак бериш мақсадида мамлакатдаги нотижорат лойиҳаларга миллионлаб доллар маблағ ажратганини билдирган.

Шунингдек, суҳбат давомида 2017 йилда Мирзиёев Нью-Йоркга учган Усмоновнинг шахсий самолёти бозор нархида ижарага олинганини тасдиқлаган.