25 декабрь, чоршанба куни соат 12:40 да «Қамчиқ» махсус қидирув-қутқарув бошқармаси навбатчилик қисмига Наманган вилояти Поп туманида А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 247-километрида йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани тўғрисида маълумот келиб тушган. Маълум бўлишича, Тошкент—Водий йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Cobalt, Spark ҳамда Lacetti автомашиналари ҳайдовчилари бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги чуқурга тушиб кетган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик томонидан маълум қилинишича, мазкур ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаган. Воқеа жойига 11-назорат гуруҳи қутқарувчиси ва «Қамчиқ» навбатчилик маскани ходими бошчилигида 5 нафар қутқарувчи ҳамда «Шеробод» ЙПХ ходимлари, «Қамчиқавтойўл» ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси махсус техникалари ва ходимлари етиб борган.
Қутқарувчилар томонидан транспорт воситаларининг ҳайдовчи ва йўловчиларига психологик ёрдам кўрсатилиб, автомашиналар чуқурдан чиқарилган. Шундан сўнг улар автоэвакуатор ёрдамида «Шеробод» ЙПХ масканининг жарима майдончасига олиб кетилган.
Бундан ташқари, шу куннинг ўзида, соат 13:00 да яна бир йўл транспорт ҳодисаси юз берган.
Хабар берилишича, юқоридаги ЙТҲ юз берган жойда Тошкент—Водий йўналиши бўйича ҳаракатланиб келган Nexia автомашинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, шу йўналишда олдинда ҳаракатланиб келаётган «Қамчиқавтойўл» ихтисослашган йўллардан фойдаланиш корхонасига қарашли MAN русумли туз-қум сепадиган машинанинг ортидан келиб урган.
Бунинг натижасида, Nexia салонидаги 3 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олган. Жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт ходимларига топширилган.
Изоҳ (0)