2019 йилги парламент сайловлари натижаларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган дастлабки 125 нафар депутатнинг рўйхати эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, ЎзЛиДеПдан — 42 нафар, «Миллий тикланиш» партиясидан — 34 нафар, «Адолат» партиясидан — 20 нафар, Халқ демократик партиясидан — 18 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан — 11 нафар депутат сайланган.
2020 йил 5 январь куни 25 та сайлов округида такрорий овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, амалдаги депутатлардан 43 нафари бу йилги сайловларда ўз номзодини такроран қўйганди. Уларнинг 36 нафари (ёки 83 фоизи) сайланган (таққослаш учун — 2014 йилги парламент сайловларида номзоди такроран қўйилган 26 нафар амалдаги депутатдан 25 нафари қайта сайланган эди). Яна беш нафар депутат — Зулайҳо Акрамова (33-Дўстлик округи, ЎзХДП), Алишер Қодиров (36-Пахтакор округи, «Миллий тикланиш»), Адҳам Шодмонов (56-Регистон округи, ЎзЛиДеП), Азамат Пардаев (67-Пастдарғом округи, «Миллий тикланиш»), Мавлуда Хўжаева (102-Яйпан округи, ЎзЛиДеП) такрорий овоз беришга қолган. Фақат икки нафар депутат қайта сайланиш имкониятини қўлдан бой берган.
Жорий сайловларда амалдаги икки сенатор ҳам Олий Мажлис депутатлигига ўз номзодини қўйган эди — сенатор Иқбол Мирзо (ЎзЛиДеП номзоди) 114-Қува сайлов округидан, Мақсуда Ворисова (ЎзХДП) 91-Зангиота сайлов округидан. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам сайланган.
Изоҳ (0)