Якунланаётган йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистон пенсия жамғармаларидан ноқонуний тарзда пенсия олиб келган 78 нафар фуқаро аниқланган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Уларга ҳар икки давлатдан жами 460 миллион сўм маблағ тўланган. Ҳозирда пенсия жамғармаси бу каби ҳолатларга қарши кураш борасида МДҲ давлатлари билан ҳамкорликда қатор ишларни олиб боряпти. Хусусан, Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси сингари мамлакатлар билан келишув йўлга қўйилиб, пенсия олувчи фуқаролар маълумот баъзаси шакллантирилиши кўзда тутилмоқда.
«1992 йили МДҲ давлатлари ўртасида пенсия таъминоти бўйича ўзаро битим имзоланган. Ушбу ҳужжатга асосан, пенсия олаётган фуқаро битимга кирган мамлакатга муқим яшаш учун кетаётган куниданоқ пенсия тўлови тўхтатилади. Агар битимга аъзо бўлмаган давлатларга кўчиб кетадиган бўлса, ушбу фуқароларга 6 ойлик пенсия пули олдиндан тўланади ва шундан сўнг пенсия олиши тўхтатиб қўйилади. Уларга пенсияга оид ҳужжатлари қайтариб берилгач, пенсионерлар рўйхатидан чиқарилади», — деди жамғарма директори ўринбосари Шуҳрат Давронов.
Изоҳ (0)